2:56

Қайғулар сабаб ўзгариш

MP3

Narrator 1 «Бу ўткинчи ва арзимас қайғуларимиз биз учун ҳаддан ташқари ажиб, катта ва абадий улуғворлик ҳосил қилади» (2Кор 4:17).

Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ташвиш, муаммолар ва қайғулар ҳеч кимни хурсанд қилмаган. Бугун ҳам кишилар мумкин қадар ташвишсиз ва муаммосиз ҳаёт кечиришни истайди. Инсон зоти қийинчиликдан қўрқади. Бироқ биз қанчалик ташвишлар ва қийинчиликлардан, муаммолару қайғулардан қанчалик узоқ юришга ҳаракат қилмайлик, улар ҳаётимизни четлаб ўтмайди. Агар Худонинг фарзанди бўлсангиз, бу қийинчиликлар ортида Унинг мақсади борлигини билишингиз керак. Ҳеч бир муаммо сабабсиз ўтиб кетмайди.

Narrator 2 Худованд сизнинг характерингизни ўзгартириш учун ҳаётингиздаги ҳолатлардан фойдаланади. Биз Калом ўқиймиз, ибодат қиламиз, Унинг амрларига амал қиламиз-ку, дейдиган бўлсангиз, бир нарсани айтиб қўяй: Худованд бизни ўзгартириш учун ҳаётимиздаги ҳолатлардан кўпроқ фойдаланади. Мен бу нарсани аниқ биламан. Ҳаётим қийинчилик ва қайғуга тўла, шунинг учун ҳам Худованд менинг имонимни ўстиришини, донолик беришини ва Масиҳга ўхшаш қилиб ўзгартиришини сўраганимда, юрагим қўрқувдан титрайди. Чунки биламан, бу нарсалар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Худованд имонимни оширадиган бирор бир ҳолат беради. Бу эса ёқимсиз ва қайғули бўлиши мумкин.

Narrator 1 Аслида ҳаёт серияли муаммолардан иборат. Бирини ҳал қилсанг, иккинчиси келади. Муаммоларнинг ҳеч бири бир-бирига ўхшамайди. Баъзилари катта, баъзилари кичик, бироқ Худовандимиз ҳар бирини бизни ўстириш учун ишлатади. Ҳаворий Бутрус шундай деган эди: «Эй, севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар» (1 Бут 4:12). Худованд ҳаётимизда учрайдиган муаммоларни Ўзига яқинлаштириш учун ишлатади. Худовандга сажда қилишнинг энг асл кўриниши кўпинча, қайғули кунларда содир бўлади. Қалбингиз эзилганда, ўзингизни ёлғиз ва ташлаб кетилгандай ҳис қилганингизда, чорасиз қолганингизда фақат Худовандга юз бурасиз.

Narrator 2 Худо ҳақида билиш мумкин бўлган шундай нарсалар борки, уларни фақат қайғу ва азоб чекиб билишимиз мумкин. Қадимда яшаган ажойиб Пайғамбар Юсуф ёдингиздами? Худованд Юсуфни зиндондан олиб қолиши мумкин эди, ё бўлмаса Дониёр пайғамбарни шерлар ўрасига ташланишидан сақлаб қолиши мумкин эди, бироқ ундай қилмади. Худованд ўшанда шу муаммоларнинг содир бўлишига йўл қўйиб берди. Натижада шу инсонларнинг ҳаммаси Худовандга яқинроқ бўлиб қолди. Муаммосиз яшаганимизда биз фақат ўзимизга суянамиз. Аммо муаммолар бизни Худовандга юзланишга мажбур қилади. Муаммолар ва қийинчиликлар келганида кўп ҳам қайғурманг, Худовандга нолиманг. Буларнинг ҳаммаси сизнинг фойдангиз учун экани ёдингиздан чиқмасин. Фақат бу орқали Худованд сиздаги нимани ўстирмоқчи эканига диққат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top