Ассалому алайкум, қадрли опа-сингиллар. Чиндан ҳам бошқаларнинг манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиб яшаш биз инсонлар учун оғир. Аммо иложсиз эмас. Муқаддас Каломда Худо: «Бошқаларни ўзингиздан кўпроқ ҳурматга сазовор ҳисобланглар»- деб буюрган. Ундан ташқари оч-яланғочларга ёрдам бериш, уларнинг муҳтожликларига ёрдам бериш, Худо фарзандларининг бурчи. Ҳақиқатда шундай ҳаёт кечирган, бошқаларни ўзидан устун қўйган, муҳтожларга ёрдам берган аёл ҳақида эшитганмисиз? Йўқ, дейсизми? Албатта эшитгансиз, унинг исми бутун дунёга машҳур. Бу – она Тереза. У умрининг асосий қисмини Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида ўтказган. Калкуттада Гомес исмли кишининг уйини ижарага олган. Бу уй шаҳарнинг хароба қисмида жойлашган бўлиб, уйнинг ўзи ҳам кўриниши ҳам яхши эмас эди. Уйда яшаш учун ҳеч қандай қулайликлар йўқлигига қарамай, она Тереза биргина эски гилам устида ухларди. Эгнида энг арзон сари билан, хароба кўчалардаги бечораларга, очларга ва ҳасталарга ёрдам кўрсатарди. Умрининг охирларида она Тереза Калкутта ҳақида шундай эслайди: «Европанинг ҳеч ерида Калкуттага ўхшаш шаҳар йўқ. Шаҳарнинг хароба қисмида миллионлаб инсонлар уйсиз, ахлат уюмлари орасида туғилиб, шу уюмлар орасида дунёдан кўз юмади». Она Тереза мана шундай ахлат уюмлари орасида тентираб юрган болакайларни йиғиб, таълим бера бошлади. Бундай болалар орасида, ногиронлари, касалмандлари, етимлари жуда кўп эди. Бундай болалар билан ишлаш, очларга-муҳтожларга ёрдам бериш осон эмас эди.
Ниҳоят 1950 йилда рим-католик черкови она Терезанинг қилаётган ишларини эътиборга олиб, Калкуттада Меҳрибонлик уйини очишга рухсат берди. Бу орада шаҳар бўйлаб, харобалар орасида яхши ишлар қилаётган «муқаддас она» ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Шаҳар ҳокимлиги она Тереза ҳақида эшитди. Тезда она Терезани топиб, унга Кали маъбудаси учун қурилган эски ташландиқ, эҳромни топширишди. У ерда она тереза бемалол, очларга, муҳтожларга, ҳасталарга ва ўлаётганларга ёрдам бера оларди. Калкуттада бу ерни ўлаётганлар макони деб аташарди. Ундан сўнг эса моховлар сақланадиган жой ташкил қилинди. Бу жойни «Шантри Нагар» Тинчлик шаҳри деб аташди. Она Тереза ўз Меҳрибонлик жамиятини очгач, унга ёрдам бериш учун бошқа кўнгилли монахлар кела бошлади. Бу аёллар ўзлари хизмат қилаётган оч-яланғочлардан қолишмасдилар. Тўйиб овқатланмас, энг арзон сари кияр ва баъзан сандаллари йиртилиб, оёқ кийимсиз ҳам қолишарди. Уларнинг ҳаёти жуда машаққатли бўлган. Улар муҳтожларнинг ва ҳасталарнинг сассиқ ҳидларига чидашга мажбур эдилар. Йиринг босган яраларини махсус резина қўлқопларсиз қўлда ювиб тозалар, ва яраларга малҳам қўярдилар. Она Тереза қатъий имон ва муҳаббатда ҳаммага намуна бўларди. Умри давомида бу аёл дунё бўйича 60 дан ортиқ мактаблар, етимхоналар ва ўлаётганлар учун махсус уйлар очди. Она Тереза 1971 йилда Рим Папасининг мукофотига, 1979 йилда эса Нобел мукофотига сазовор бўлди. У Нобел мукофотини яна муҳтожлар учун сарфлади.1985 йилда эса президент Рейган унга Озодлик медалини тақдим этди. Албания ҳукумати эса мамлакатдаги энг катта аэропортга унинг номини бериб, ҳайкалини ўрнатди. Қийинчиликларга қарамай, имон билан яхшилик қилган она Терезанинг хизматлари шу тариқа мукофотланди. Бироқ асосий мукофотни у Осмон Шоҳлигида олди.