2:57

Бўғимлардаги тузни ҳайдаймиз

MP3

Ассалому алайкум. Аёл саломатлиги оилада энг биринчи ўринда туради, десак тўғри бўлади. Сабаби, соғлом аёл ва она фарзандлари ва турмуш ўртоғининг мухтожликларига қарай олади ва бутун оила аъзолари ҳақида қайғура олади. Саломат бўлган аёлгина оиласини соғлом бўлишига эришади. Шунинг учун, аёл ва унинг атрофидагилар учун фойдали бўлиши мумкин бўлган маълумотни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ҳаммамизни ҳам вақти-вақти билан бўғимларда пайдо бўладиган оғриқлар безовта қилиб туради. Оғриқ гоҳ елкада, гоҳ умуртқа поғонасида пайдо бўлиб, аломатлар асосан, танадаги туз алмашинувининг бузилиши туфайли юзага келади.

Шу билан бирга, бўйин умуртқалари ҳаракати вақтида «шиқиллаган» овознинг чиқиши, қулоқлардаги шанғиллаган  товушлар  ёки  бошда  қандайдир  шовқин борлиги ҳам айнан туз алмашинувининг бузилиши асоратидир. Бундай пайтда, аввало, шифокорга кўриниш ва унинг тавсиясига биноан, даво чораларини қўллаш лозим. Сиз дори-дармонлар ёрдамида ёки парҳез тутиб даволаниш билан бир қаторда, албатта, даволовчи жисмоний машқлар билан шуғулланишни канда қилманг. Чунки айнан ҳаракат бўғимлардаги тузларнинг тез ҳайдалишига ёрдам беради. Бу турдаги машқларнинг ҳар бирини икки хил усул — секин ва таранг эгилувчанлик ҳолатида 5-8 марта ва тез ҳамда енгил ҳаракат билан 12-15 марта такрорланг. Эгилувчан ҳаракатларни ўрганишда гантель ёки 1 кг қум солинган халтадан фойдаланинг.

Уларни қўлингизга олиб, машқларни бажаришга киришинг ва доим эгилувчанликни сақлашга ҳаракат қилинг. Агар ҳаракат қилган пайтда бўғимларда оғриқ пайдо бўлса, машқларни оғритмайдиган ҳаракатлардан бошланг. Бу турдаги машқларни фақат ўтирган ҳолда бажариш керак. Чунки ўтирган пайтда чаноқ суяги мустаҳкам ўрнашади ва умуртқалараро бирикмалар ҳисобига тананинг ҳолатини янада тўлароқ ўзгартириш имконияти пайдо бўлади. Иккала қўл бармоқларини бир-бирига қўшиб, кафтларни юқорига қаратиб, бош устига кўтаринг. Қўлларни олдинга ва юқорига, тобора баландлатиб пружинасимон ҳаракат билан керишинг. Қўлларни ён томонга пастга туширинг. Қўлларни кўкрак олдида бирлаштиринг, тирсакларни елкагача кўтаринг.

Танани бурган ҳолда тирсакларни навбати билан гоҳ чап, гоҳ ўнг тарафга буринг. Бош ва чаноқ қимирламай турсин. Эркин нафас олинг. Стол суянчиғига суянинг, қўлларингизни иякка тегизинг, тирсак юқорироқ турсин. Стол суянчиғига томон орқангиз билан эгилинг, керишинг. Умуртқани қанча бураб ҳаракатлантирсангиз, шунча фойдали. Қўлларни пастга оёқ учига тегизиб эгилинг, керишинг ва баданни бўшаштиринг. Шу тариқа бу   машқни ҳам такроран бажаринг. Бу машқлар танангиздаги тузлар алмашинувини бир маромга келтириб, танадаги ортиқча тузларни ҳайдаб чиқаради. Азиз аёллар, агар сизда саломатлик учун фойдали қандайдир фикрлар ёки маслаҳатлар бўлса бизнинг электрон манзилимизга юборинг. Келгуси эшиттиришларимизда албатта сизнинг тавсияларингизни эфир орқали бошқаларга ҳам етказамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top