2:49

Одамларга ёқиш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Кун давомида турли хил феълли одамлар билан кўришамиз, мулоқотда бўламиз. Аммо уларнинг ҳаммаси билан ҳам тил топиша олмаймиз. Албатта-да, ахир инсонлар турли хил бўлса, уларнинг ҳаммасига ҳам ёқишнинг иложи йўқ, дерсиз. Бу борада ҳақсиз. Ақлли инсон ҳамма одамларга бирдек ёқишга ҳаракат қилмайди. Умуман, ақлли инсон ўзи тўғри деб билган нарсани одамларнинг фикрига қарамай бажараверади. Бироқ жамиат орасида, одамлар билан бирга яшар эканмиз, мумкин қадар улар билан келишиб, ҳар икки томоннинг манфаатини ўйлаган ҳолда иш кўриш керак бўлади. Шундай экан, ҳамма билан бўлмаса ҳам ҳеч бўлмаганда, атрофингиздагиларга ёқишга ҳаракат қилинг.

Narrator 2 Бугун беришни ният қилган маслаҳатларимиз, сизларга атрофингиздаги инсонлар билан яхши мулоқотда бўлишингизга, унчалик чиқиша олмаётган одамларингизнинг кўнглини олишга ёрдам, деган умиддамиз. Ким биландир суҳбатлашаётган бўлсангиз, аввало суҳбатни дўстона оҳангда бошланг. Доимо суҳбатлашаётган инсонингизнинг исмини айтиб чақиринг. Чунки инсоннинг исми – у учун энг ёқимли ва энг муҳим оҳангдир. Кимнидир қарши олар экансиз, уни очиқ чеҳра ва нимтабассум билан қарши олинг. Суҳбат давомида суҳбатдошингизга нисбатан эътиборли бўлинг. Унинг гапларига ва ишларига чин дилдан қизиқинг. Бу осон эмас, бироқ унинг ишига ёки сўзларига суҳбатдошингиз нуқтаи назари билан қарасангиз, бунинг ҳам уддасидан чиқасиз.

Narrator 1 Суҳбатлашар экансиз кўпроқ маслаҳат бериш, ўз муаммоларингиз-у таасуротларингиз ҳақида гапирмай, уни тинглашни одат қилинг. Суҳбатлашаётган инсонингизга кўпроқ ўзлари тўғрисида гапиришларига имконият беринг. Ҳеч қачон суҳбатдошингиз билан бирор нима борасида тортишманг. Бундай пайтда маънан баланд бўлишнинг ягона йўли бу – тортишувдан воз кечишдир. Унинг ҳар қандай фикрига ҳурмат билан қаранг. Агар сиз ноҳақ бўлсангиз, тез ва кескин тан олинг. Бу суҳбатдошингизда сизга нисбатан яхши фикрни туғдиради. Унинг фикрлари қанчалик тўғри ва мазмунли эканини бот-бот уқтириб туринг.

Narrator 2 Қай мавзуда суҳбатлашманг, ҳар бир масалага суҳбатдошингизнинг нуқтаи назари билан қаранг. Унинг фикри ва хоҳишларига таъсирчан бўлинг. Сизни тинглаш истаклари борлигини сезсангиз, уларга маънавий қувват берувчи гаплардан сўзланг. Жуда кўпчилик такрорлайдиган хатолардан бири – Ҳаётда ҳали улгураман, ҳали вақтим бор, деб кўпинча бажариш зарур бўлган кўп ишларни ортга суришдир. Бироқ шундай юмушлар борки, уни сира кечиктириб бўлмайди. Ëн-атрофдагиларингиз, ёру биродарларингиз, қадрдонларингизга қалбингиздаги дил изҳорларингиз бўлса, эртани кутиб ўтирмасдан вақт борида ана ўша илиқликни, юрагингиздаги бор меҳрни уларга улашганингиз маъқул. Азиз тингловчи ҳаёт, муаммолар, бахт, имконият ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top