Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун қачонлардир яшаб ўтган, ҳаёти ҳаммамиз учун ўрнак бўла оладиган бир инсон ҳақидаги ҳақиқатдан қалбларимиз ҳаяжонга тушади. Бу инсон ҳақида ўқир эканман, унинг бир жавоби мени жуда тўлқинлантирди. «О, шоҳим узоқ умр кўрсинлар. Менинг Худойим ўз фариштасини юборди ва у шерларнинг оғзини маҳкамлади, чунки Унинг назарида мен солиҳ деб топилдим» (Дониёр 6:21). Бу Дониёр пайғамбарнинг шоҳ Дорога айтган сўзлари эди. У Худованд назарида солиҳ деб топилди. У шундай шарафга қандай эришди? Келинг, унинг ҳаёт йўлини кўриб чиқамиз. Йоҳуёқим Яҳудони бошқараётганига уч йил бўлганида, Бобил шоҳи Қуддусни босиб олди. У шаҳарни вайрон қилиб, билимли, уқувли йигитларни ўз саройига қул қилиб олиб кетди.
Narrator 2 Улар орасида Дониёр ҳам бор эди. У йигитлик даврида Бобилга келиб қолди. Бобил шоҳи саройида яшаса ҳам, Худога қарши иш қилмади. Худованд уни бу иши учун тақдирлади. Уларни саройга олиб келишгач, кучга тўлишлари ва шоҳга муносиб аъёнлар бўлишлари учун шоҳ дастурхонидан боқмоқчи бўлишди. Бироқ, Дониёр шоҳ дастурҳонидан таом ейишни истамади. Йигитларни шоҳга таништириш вақти келганида, шоҳ Навуходназар йигитларни кўриб, савол-жавоб қилиб, улар орасидан Дониёрга тенг келадиганини топмади. Шундай қилиб у шоҳнинг назарига тушди. Худованд унинг софдиллиги ва Худога садоқати учун унга махсус қобилият ато қилди. У тушларни Худованднинг ёрдами билан таъбирлай оларди. Шу туфайли унинг мавқеи яна ҳам ошди. Дониёр саройда яшар экан, бир неча шоҳ алмашди.
Narrator 1 Аммо уларнинг бари Дониёрни бирдек ёқтириб қоларди. Бу Худонинг Дониёрга қилган марҳамати эди. Худовандга бўлган садоқати, ишончи ва итоати бесамар кетмади. Ниҳоят Бобил Доро қўлига ўтди. Дониёрнинг маслаҳати билан Доро сарой ишларида ва давлат бошқарувида янгича бироқ қулай бир усулни қўллади. У Дониёрни маслаҳатчилари устидан бошлиқ қилиб қўйди. Табиийки, бу ҳолат аввалдан Дониёр билан бирга ишлаб келган ва унга ола қарайдиган аъёнларга ёқмасди. Шунинг учун ҳам аъёнлар шоҳга ёқадиган бир маслаҳат билан унинг олдига келишди. Уларнинг илтимосига биноан шоҳ бир ой давомида халқ фақат унга сажда қилиши ҳақида қонун чиқарди. Каломда шу ҳолат ҳақида шундай ёзилган: «Сарой аъёнлари Дониёрдан ҳеч қандай камчилик топа олишмади, чунки у ишончли ва нотўғри иш қилмайдиган инсон эди».
Narrator 2 Уни фақат ўз динига оид масаладагина айблаши мумкин эди. Дониёр жуда ҳам ўз танаси устидан ҳукмронлик қилган, босиқ ва одатларини канда қилмайдиган инсон бўлган. Чунки Муқаддас Каломда шундай дейилган: «У ҳар кунги уч марта Қуддусга қараб, Худога илтижо қиларди. Ўша куни ҳам ўз одатига кўра уйга кириб Худога ибодат қилди». Аъёнлар эса Дониёрни шоҳнинг қўли орқали шерлар ўрасига ташлашди. Шоҳ ҳам буни истамаганди. Шунинг учун ҳам аҳволидан ҳавотир олиб, тонг саҳардан Дониёрнинг ҳолидан хабар олиш учун ўра оғзига келди. Ўра ичидан эса Дониёрнинг овози келди: «Худовандим мени солиҳ деб топди ва шерларнинг оғзини беркитди». Агар Худованд назарида биз ҳам солиҳ деб топилсак, йўлимиздаги ҳар қандай бало-қазодан унинг ўзи асрайди.