MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун бувиларнинг неваралар ҳаётидаги ўрни ҳақида гаплашамиз. Бувилар жуда меҳрибон, невараларини суядиган, уларни эркалатиб, тарбия берадиган ҳокисорлардир. Улар невараларнинг ҳархашаларига, инжиқликларига ва шўхликларига ҳам тоқат қиладиган энг сабрли инсонлардир. Кези келганда, боланинг отаси ёки онаси ўз фарзандларининг инжиқлигига чидай олмайдилар. Бироқ бувилар шунча кучли сабр тоқатни қайдан олишар экан? Улар невараларига эртаклар айтиб берадилар, уларни уй ишларини қилишга мулойимлик билан ўргатадилар, ҳаёт сабоқларидан берадилар. Бувилар билан бирга ўсган фарзандлар, келажакда албатта яхши инсон бўлиб вояга етишади. Улар болаликлариданоқ, инсонларга қандай муомала қилишни билиб олишади.

Narrator 2 Муқаддас Каломга номи зикр этилган яна бир бувининг исми Лоида эди. Унинг невараси учун қилган ишлари таҳсинга лойиқ. Унинг берган насиҳатлари, ўгитлари, сабоқлари неварасининг ҳаётида жуда ҳам асқотди. Бу буви Тимофей исмли Исо Масиҳ шогирдининг бувиси эди. Унинг қандай инсон эканлигини ҳаворий Павлус шундай тасвирлайди: «Мен ота-боболарим каби Худога соф виждон билан хизмат қиламан. Унга кечаю кундуз шукрлар айтар эканман, ибодатларимда доим сени эслаб тураман. Сенинг кўз ёшларинг ёдимда, яна дийдорингга тўйиб кўнглим севинчга тўлсин, деб сени соғиниб қолдим. Мен сенда кўрган самимий имон ҳали ҳам эсимда. Аввалдан бувинг Лоида ҳамда онанг Эвника қалбларига жо этган ўша имон энди сенда ҳам равнақ топаётганига аминман» (2 Тим 1:3-5).

Narrator 1 Демак, Исо Масиҳнинг шогирди Тимофейдан олдин унинг бувиси ва онаси Исо Масиҳ нажотини қабул қилган. Ундан сўнг эса Лоида буви бу ҳақида неварасига ўргатган. Агар қадимги пайғамбарлар орқали ёзилган Худо Каломини билмаганида, Лоида буви бунчалик тез Худо нажотига эриша олмаган бўларди. Бундан кўриниб турибдики, Лоида буви Тавротни жуда яхши билган. У Худованднинг каломини жуда яхши билган, Худога интиладиган аёл бўлган. Шунча билимга эга бўлган буви албатта, буларнинг барини неварасига ўргатган. У неварасига Калом ўқиб берган, уларнинг мазмунини тушунтириб, Тимофейда ёшлигидан Худо ҳақидаги тасаввурларини кенгайтирган. Имонга келгач эса, неварасига Худо азалдан ваъда бериб келаётган Қутқарувчи ҳақида ўргатган.

Narrator 2 Унинг қалбидаги имон, неварасига билганларини тўлиқлигича ажойиб тарзда етказиб беришига ёрдам берди. Тимофей то мустақил ҳаётга қадам қўйиб, Худо хизматини бошлагунча, бувиси Лоиданинг сабоқлари, унинг имонини алангалатиб туришга ёрдам берадиган ўгитлари унга катта ёрдам берди. Худованд Тимофейнинг ҳаётида бувиси Лоида орқали ишлади. Уни бувиси орқали руҳан озиқлантирди, куч ва далда берди. Тимофейнинг кейинги қилган ишлари, Худовандга чин дилдан , садоқат билан хизмат қилиши, Худо назарида энг керакли идиш бўла олгани, бувисининг меҳнатлари самараси эканлигини билиш мумкин. Неварасининг Худога керакли инсон қилиб тарбиялай олган бувилар, вақт ўтиб худди Лоида буви каби уларнинг ютуқларидан фаҳрланадилар. www.najot.com сайтимиз сизга художўй шахслар ҳақида батафсил маълумот беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top