Ассалому алайкум, сариштали опа-сингиллар. Бугун қайси ҳонадонга кирманг, бир-биридан гўзал гиламларни кўрасиз. Уйни таъмирлашдан чиқаргач, ёки янги уйга кўчиб ўтишдан олдин, бозор ва дўконларга бориб, гилам танлаш керак бўлади. Бу аёл учун жуда ёқимли машғулот. Аёл киши уйини ўзига ёқадиган қилиб, безатишни, уйга мос аксессуарлар олишни ёқтиради. Умуман аёл зоти дўконма-дўкон юришни, нарса сотиб олишни севади. Гиламларни дизайни ёки рангларига қараб олишнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир хонага қулай ва ўзига мос гилам танлаш керак. Шунинг учун ҳам бугун сизлар билан шу ҳақида суҳбатлашишни маъқул топдик. Гилам танлашдан олдин мақсадингизни аниқлаштириб олинг. У сизга шунчаки, овозни ютиш учун керакми ёки киши диққатини жалб этиш учунми? Ëки бўлмасам, оёқларингиз остида юмшоққина бўлиб, сизга роҳат баҳш этиши учунми? Ëтоқҳона учун очиқ рангдаги, лекин рангларнинг жуда очиқ тури ишлатилмаган гилам олиш керак. Болалар хонаси учун эса, аксинча, ранг баранг ва очиқ рангдаги гилам олиш зарур. Хона кичкина бўлса, очиқ рангдаги гилам, уни кенгроқ қилиб кўрсатади. Хоналарга турли хил услубда тўқилган гиламлар мос келади. Масалан, меҳмонхона ва болалар хонаси учун калта тукли гиламни танлаган маъқул. Чунки уларни ювиш осон бўлади. Мебелнинг оёқ излари ҳам паст тукли гиламларда унчалик кўзга кўринмайди. Ëтоқхона учун юмшоқ, жун гилам танлаган маъқул. Бунда гилам бутун хонани эгаллайдиган даражада катта бўлсин. Бундай гиламлар шинамлик бағш этишидан ташқари, турли хил шовқинларни ютади. Остонага сунъий гилам олган маъқул. Энг яхшиси таги резинали, мустаҳкам, кўп марталаб ювишга дош берадиганини олган маъқул.
Энди гиламларнинг ҳажми ҳақида гаплашсак. Жуда катта масалан 2,5 метрли гиламлар, киши эътиборини тортади. Шунинг учун ҳам хонадонингизни таъмирлаганда, кишини ўзига жалб этадиган интеръерлардан фойдаланган бўлсангиз, ундан ташқари интеръерингиз оригинал қисмлардан иборат бўлса, бундай хонага рангбаранг гилам олмаган маъқул. Бундай гилам, хонага кирган одамнинг диққатини ўзига жалб қилади. Интеръерингиз эса эътибордан четда қолади. Ўртача катталикдаги гиламлар эса хонага жуда мос келади. Кичик гиламларни аксессуар ўрнида ишлатиш мумкин. Бундай гиламчаларни камин олдига, кроват олдига ва бошқа жойларга қўйиш мумкин. Бундай гиламчалар истаганингизча, рангбаранг бўлиши мумкин. Бундай гиламчалардан бир нечта олмоқчи бўлсангиз, яхшиси ҳаммасининг катталиги ва ранги бир хил бўлсин.
Энди гиламларнинг рангига келсак, яхши ёритилган хона учун совуқроқ рангдаги гиламдан фойдаланиш мумкин. Қоронғи хоналар учун ёрқин рангли гилам олиш керак. Полнинг ранги билан уйғунлашиб кетадиган гиламлар, жуда урфга кирган. Бироқ полингизнинг ранги қора ёки тўқ жигарранг бўлса, яхшиси ёрқин рангли гилам танлаш керак. Ҳозир гиламлардан ташқари ковроланлар ҳам бор. Бироқ ковроланлар гилам берган қулайликни, шинамликни бераолмайди. Гилам бу жуда яхши овоз ютгич ҳисобланади. Қишда совуқдан жуда яхши ҳимоя қилади. Ундан ташқари хонанинг намлигини ҳам яхши сақлайди. Шундай маълумотларга эга бўлгач, хонадонингизга ва сизнинг дидингизга мос келадиган тўғри гиламни бемалол танлаб оласиз.