4:00

Оила бу – ҳаёт Университетидир.

MP3

Ассалому алайкум мафтункор ва бетакрор опа-сингиллар. Бугун ҳам сизлар билан мен Лола биз учун мухим бўлган мавзулардан бири оила ҳақида сухбатлашамиз. Оила ҳақида жуда кўп марта суҳбатлар олиб борганмиз. Бироқ бугунги оила мавзусига бошқача ёндашамиз. Оилани ҳар ким ҳар хил тушунади. Бироқ бизнингча оила бу ҳаётнинг энг катта университети бўлиши керак. Ҳар бир университетда ўқитувчилар бўлганидек оила аталмиш ҳаёт университетида ҳам ўқитувчилар бор. Бу ўқитувчилар ота ва она. Бу ўқитувчилар бола ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ҳатто тажрибасиз ота-оналар ҳам яхши натижа кўрсата оладиган ўқитувчи бўлишлари мумкин. Худо фарзандлар юрагидан ота оналар учун махсус жой ажратган. Айниқса болалар кичкина бўлганларида ота-оналар улар учун ҳаётни ўргатадиган асосий ўқитувчи бўладилар. Чунки кичик ёшдаги болалар жуда қизиқувчан, ва ҳамма нарсани тезда ўзига қабул қилиб оладиган бўладилар. Улар шундай кичик ёшлариданоқ ҳаётларидаги энг катта иккита ўқитувчи ёрдамида Худонинг ҳақиқатларини ўрганишлари керак.

Ёшлик чоғларида олган бу йўл-йўриқ ва ҳақиқатлар улғайгач, дунёнинг ёлғонлари, ноҳақликлари орасида уларга йўл кўрсатади. Қуйида келтириладиган ўқув методлари оила университетингизга ажойиб, ўқув дастури бўлиб хизмат қилади.1) Ҳар куни оилавий Худога вақт ажратиш. Кўпгина имонли оилалар ҳар куни 10 ёки 30 минут вақт ажратиб, Худонинг Каломини ўқишни ва муҳокама қилишни одат қилиб олганлар. Бу жуда яхши одат. Оилавий бу одат болаларнинг ҳаётида катта натижалар беради. Бу одат орқали болалар Худони таниб билиш ва хурмат қилишни ўрганади. Ундан ташқари кичик ёшлариданоқ Худонинг Каломига жавобгарлик ҳиссини шакллантиради. Бу одат орқали болалар Муқаддас Каломнинг энг муҳим китоб эканини уни ҳар куни ўқиб туриш лозимлигини англайдилар. Ҳар куни оилавий тарзда Худога вақт ажратиш орқали ота-оналар фарзандларига ибодат қилишни, Худонинг Каломлари ҳақида суҳбатлашишни ўргатадилар.2) Болаларга ўрнак бўлиш. Болаларнинг тақлид қилишга уста экани ҳеч кимга сир эмас. Улар яхши тақлидчи бўлганлари учун ҳам кўчада кўрган ёки эшитганларини ўйламаган ҳолда тақлид қилаверадилар. Оилада бола қандай ҳолатда тарбия топса, ўзида олган тарбиясини акс эттиради. Жахлдор ва асабий болалар худди шундай оилада ўсган бўладилар. Аксинча хурсанд, меҳрибон болалар эса Муқаддас Руҳга тўлган оиладан етишиб чиқади.

Чунки бу сифатларни улар ота-оналаридан ўрганган бўладилар. Бошқаларни ҳурмат қилиш, самимийлик, олийжаноблик бу сифатларни фақат ўргатиш билан болага сингдириб бўлмайди. Бола ўзида шу сифатларни шакллантириши учун аввало бу сифатларни ота-онасида кўриши лозим. Агар фарзанд жуда яхши ўрнак бўлган оилада ўсган бўлса, ташқи муҳитдаги уларнинг тарбиясига таъсир қиладиган кучларга бардош бера оладилар. Агар ота-она Худога итоатли бўлсалар, Унинг амрларига амал қилсалар, Худо ваъда қилганидек, учинчи тўртинчи авлодигача ҳам баракали бўладилар. 3) Севги билан тарбиялаш. Ҳар бир бола ўз истагича ҳаракат қилишни хоҳлайди. Бу инсон зотининг гуноҳли сифатларидан бири. Шунинг учун ҳам биз ота-оналар болаларга нима мумкин, нима мумкин эмаслигини уқтирамиз.

Болалар мумкин бўлмаган нарсалардан тийилиш лозимлигини билиши керак. Муқаддас Каломга кўра тарбия қиладиган ота-оналарнинг фарзандлари жуда бахтлидирлар. Чунки Маталлар китобида шундай ёзилган: «Калтакни аяган одам ўғлини ёмон кўради, ўғлини севган эса ёшликдан тартиб интизомга ўргатади.” Ўн етти фарзанднинг онаси болалар тарбияси ҳақида шундай деган эди: « Оилада ота-онасига итоат қилишни ўрганмаган фарзанд, катта бўлиб оиладан чиқиб кетгандан кейин ҳам Худога бўйсунишни ўрганмайди.” Болаларга доимо йўл-йўриқ кўрсатиб туриш керак бўлади. Хатолари учун болани уриш керак эмас. Бироқ қайсарлик қилганда уриб тўғри йўл кўрсатиш керак. Тиришқоқ опа-сингиллар сизларга болалар тарбияси қизиқарли эканини биламан. Бу мавзулардан бохабар бўлиш учун бизнинг www.najot.com сайтимизга киришни маслаҳат бераман. Оилангизга тинчлик ва ҳотиржамлик тилаб хайрлашаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top