Narrator 1 Ассалому алайкум. Ўзингизни ёмон ҳис этаяпсиз, қаерларингиздир аста оғриқ беряпти. Бироқ дори ичишга шошилманг. Ахир хавфсизроқ усуллари ҳам бор. Ҳар бир одам ҳаётида жиллақурса бир марта оғриқни қолдирувчи дори ичган бўлса керак. Кимдир салбий оқибатларидан қўрқиб уларни камдан-кам ҳолларда ичади. Аммо маълум бўлишича, кўп ҳолларда оғриқни дориларсиз ҳам қолдириш мумкин экан. Демак, бугун оғриқни оддий усуллар билан қолдириш йўлларини ўрганамиз. Бош ёрилай деганда ароматерапия ёрдам беради. Кўпчилик бош оғриғига чидаб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Лекин аслида бундай эмас. Аксинча, сиз оғриқни қолдирувчи дорилар ичиб, организмга ўзининг оғриқни қолдирувчи воситалари – простагландиналарни ишлаб чиқаришга ҳалал берасиз.
Narrator 2 Бу моддалар бўшаштирувчи таъсирга эга бўлиб, мустақил равишда муаммони ҳал қилиши мумкин. Демак, бош оғриғига қарши курашишнинг энг оддий йўли – шунчаки кўзларни юмиб, бўшашиш ва 10-15 дақиқа кутиш. Ажабланишингиз мумкин, лекин кўпинча бу ёрдам беради. Кейин ароматерапия ҳам яхши таъсир кўрстади. Қовоқларингизга бир неча томчи лаванда ёки розмарин эфир мойидан суртинг – бош оғриғи қолади. Ялпиз мойи ҳам ёрдам беради. Бир неча томчини совуқ сувга қўшинг, сочиқни хушбўй сув билан ҳўлланг ва компрессни энса ёки пешанага қўйинг. Агар бошқ оғриғининг сабаби мигрен бўлса, қоронғулик ва буткул ҳотиржамлик ёрдам беради. Ухлашга ҳаракат қилинг. Уйқу бу касалликка энг яхши даво.
Narrator 1 Мигренда бошни уқалаш самарали таъсир кўрсатади. Уқалашни пешанадан энсага қараб енгил силаш ҳаракатлари билан амалга оширинг. Кейин қулоқ томонга тушинг. Бошнинг марказий қисмидан энсага ўтинг. Бўйин қисмини ҳам уқаланг. Мигрен тез-тез безовта қилганда, Б2 витаминига бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Бу витамин жигар, тухум, сут, наъматак қайнатмаси, исмалоқ, ўрик, тўқ яшил баргли сабзавотларда, помидор ва карамда бўлади. Бош оғриғидан ташқари баъзиларни қулоқ санчиши ҳам безовта қилади. Агар шундай ҳолат юз берса илик компресс тайёрланг. Қулоқдаги оғриқ сабаби отит, тиш, томоқ, бурун бўшлиғи касалликлари, невралгия бўлиши мумкин. Бу касалликларда ўз билганича даволаниб бўлмайди.
Narrator 2 Албатта шифокорга бориш лозим. Аммо шифокорга боргунча оғриқни қандай енгиллатиш мумкин? Ўтиришга ҳаракат қилинг. Ётганда оғриқ баттар зўраяди. Саримсоқ енг – бу қулоқда оғриқ пайдо қилиши мумкин бўлган вируслар, микроблар, замбуруғларга қарши курашадиган табиий антибиотик. Қулоқдан сув келмаса, компресс қилинг. Сочиқни илик сувга ҳўлланг ва оғриётган қулоққа 10-15 дақиқа қўйинг. Бу ишни ҳар икки соатда такрорланг. Агар оғриқ жуда кучли бўлса, оғриқни қолдирувчи дори ичинг. Шифокор кўрсатмасисиз сотиладиган дорилар шифокор ҳузурига боргунингизга қадар оғриқни енгиллаштиради. Шифокор эса қулоғингиз оғриғи сабабини албатта топади. Қадрдон тингловчи, оғриқларга барҳам бериш ҳақидаги маслаҳатларимизни кейинги суҳбатларимиздан билиб оласиз.