Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни Худо билан сулҳ тузмоқ деб атадик. Нега дейсизми? Бу ҳақида суҳбатимиз давомида билиб оласиз. Тарих фанини яхши билмаган одам ҳам икки давлат уруш қилмай муросага келиши учун улар орасида сулҳ тузилишини яхши билади. Сулҳ икки давлат, халқ ва қабилалар орасида тузилган. Аммо Муқаддас Каломда Худованд ўз халқи билан сулҳ тузгани ҳақида ёзилган. Бу сулҳ биз билган тарихий қайдномалардаги сулҳдан анчайин бошқача. Халқ Худовандни ҳафа қилди. Унинг амрларига итоат қилмади. Аксинча, Худога ёқмайдиган гуноҳли ишларни қилди, атрофидаги халқларга қўшилиб, бегона санамларга сажда қилди. Инсон қўлиб билан ясалган бутларни Худо ўрнига қўйди. Бу эса Тангрини ғазаблантирди. Натижада эса Худованд улар устига бало-қазолар юборди.
Narrator 2 Охири Ўзи ваъда қилган Исо Масиҳ келгач, ҳалқнинг унга бўлган ишончига қараб, Худованд уларни кечирди. Бугун кечирилишни бир узук деб ҳисоблайдиган бўлсак, шу орқали олган ҳислатларимизни қимматбаҳо тошлар деб билиш мумкин. Римликлар китобининг 5 бобида Ҳаворий Бутрус бу ҳақида шундай деб ёзади: «Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди. Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи Худонинг иноят эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фаҳрланиб юрамиз. Бунинг устига, қайғулар билан ҳам фахрланмоқдамиз, чунки қайғу сабр-тоқатни ҳосил қилишини биламиз. Сабр-тоқат эса тажрибакорликни, тажрибакорлик эса умидни ҳосил қилади.»
Narrator 1 Келинг, энди мана парчада келтирилган ҳислатларни бирма-бир санаб чиқамиз. Биринчи оятда «Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди», деб ёзилган. Биласизки икки давлат орасида сулҳ тузилгач, улар тинчликда яшашади. Демак, энди Худо билан ярашган эканмиз, У билан тинчликда яшаймиз. Ярашиш узугимизнинг биринчи қимматбаҳо тоши бу – тинчликдир. Иккинчи оятда: «Худованднинг иноят эшигини очиб берди», — деб ёзилган. Демак шу эшик орқали киришга ҳаққимиз бор. Биз қабул қилиндик. Узукнинг иккинчи қимматбаҳо тоши бу – қабул қилинишдир. Худди шу оятда яна бир нарса ҳақида ёзилган: «Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз». Умид билан шодланамиз. Демак узугимизнинг учинчи тоши – умид билан шодланишдир.
Narrator 2 Учинчи оятда эса: «Бунинг устига, қайғулар билан ҳам фаҳрланмоқдамиз, чунки қайғу сабр-тоқатни ҳосил қилишини биламиз», деб ёзилган. Демак узугимизнинг тўртинчи ва бешинчи қимматбаҳо тошлари булар – қайғуларда шодланиш ва сабр тоқатдир. Оятга кўра кейинги қимматбаҳо тошлар – тажрибакорлик ва умиддир. Демак, Худо билан ярашиш оқибатида шунча қимматли ҳислатларга эга бўлар эканмиз. Келинг, уларни яна бир бор санаб чиқамиз. Улар тинчлик, қабул қилиниш, умид билан шодланиш, қайғуларда шодланиш, сабр-тоқат, тажрибакорлик ва умид. Энг охиргиси бу – севгидир. Чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали юракларимиз Худо севгисига тўлиб тошади. Худо билан ярашиш оқибатида ҳаётимиз учун энг керакли ҳислатларга эга бўлар эканмиз.