Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Суҳбатларимиз ҳар бир имонли қалбнинг юрагига етиб бориб, Худованд билан муносабатини тиклашига ё бўлмаса мустаҳкамлашига умидвормиз. Чунки биз келтираётган гувоҳликлар чиндан ҳам атрофимизда сиз биздек ҳаёт кечираётган инсонлар ҳаётидан келтирилган. Уларнинг баъзилари ҳаётларида бўлиб ўтган воқеани ўз оғзи билан ҳикоя қилиб берганлар. Мана бугун ҳам бир дугонамнинг менга айтганларини сизнинг эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдим. У билан жуда узоқ вақт кўришмадик. Аммо ҳар сафар ибодат қилганимда, унинг ҳаёти учун ҳам сўрардим. Шундай қилиб, бир неча йил кўришмай бир куни тасодифан унинг янги номери қўлимга тушиб қолди. Пайсалга солмай унга қўнғироқ қилдим.
Narrator 2 У билан суҳбат давомида янгилик борлигини, кўришиш истагида эканлигини билдирди. У билан кўришдик. Суҳбат шундай бошланди: «Сиз мени кўпдан бери биласиз. Биринчи турмушим яхши бўлмаганини, минг азоблар билан ажрашганимни ҳам. Ўша вақтдан бери мана 10 йилдан ошиқроқ вақт ўтибди. Шу йиллар давомида ота-онам жуда кўп бор мени иккинчи марта турмушга беришга ҳаракат қилишди. Бироқ Худога шукрки, энди мен аввалги ғўргина, ҳақиқатдан беҳабар қиз эмасдим. Шу йиллар давомида Худованд мени топди. Мен уники бўлдим. У эса менинг Худовандим бўлди. Ёлғиз яшаш аёл кишига тўғри келмаслигини биламан. Ўзим ҳам Худованддан: «Агар Сенинг хоҳишинг бўлса, менга тўғри келадиган турмуш ўртоқни кўрсат», — деб ибодат қилдим.» Шу ўтган ўн йил давомида бирор марта бу ҳақида ибодат қилишни тўхтатмадим.
Narrator 1 Ўзимга ўхшаш турмуш қуришни истаган қизлар билан ҳафтада бир учрашиб, келгуси ҳаётимиз учун ибодат қилардик. Яқинда бир кишини мен билан таништиришди. Аслида уни бошқа бир аёл билан таништиришни исташган экан. Аммо тақдирни қаранг-ки, у билан учрашганимиздан сўнг, биз бир-биримизга маъқул келиб қолдик. У бошқа аёл билан учрашишни истамади. Иккимиз ҳам бу Худонинг хоҳиши деб ўйладик. Шундай бўлса ҳам яна бир ой ибодат қилиб, Худонинг иродасини билишга қарор қилдик. Кеча танишганимизга бир ой бўлди. Худованд қалбимизга тинчлик берди. У билан кейинги ҳафтада турмуш қуришга келишдик. Ҳамма нарса деярли тайёр. Фақат кўп йиллардан буён мен учун қайғураётган дугонам билан суҳбатлашишни Худодан сўраётган эдим. Кейинги мўъжиза сизнинг қўнғироғингиз бўлди.
Narrator 2 Чунки иккаламиз ҳам ишлатаётган телефон компанияси ёпилгач, сизнинг янги номерингизни топа олмаётган эдим. Мана шунақа азиз дугонам. Худо чиндан ҳам бизни эшитади. Биз унинг фарзандларимиз. У бизнинг ибодатларимизга албатта жавоб беради. Ҳаётимизда Унинг иродаси ўзимизнинг истакларимиздан юқори турганида, У ибодатларимизга жавоб бераётганини кўрамиз. Ўзингиз билганингиздек, баъзан «Ҳа», деб кўп ҳолларда эса «Йўқ» деб жавоб беради. Чунки бизнинг истакларимиз, унинг истакларидан бутунлай фарқ қилади.» Мана шунақа гаплар азиз тингловчи. Атрофимизда ўзларига муносиб жуфт излаётган ва бунинг учун ибодат қилаётган азизлар камми? Шундайларга айтинг. Худованд албатта жавоб беради. Шу каби ҳаётий гувоҳликлар ҳақида билмоқчи бўлсангиз, уларни бизнинг www.najot.com сайтимиздан топасиз.