Ассалому алайкум. Ҳеч мактабда ёки кўчада болаларни кузатганмисиз? Уларнинг катталарга берган жавобини, катталарнинг буйруғига муносабатини кўрганмисиз? Баъзи болаларнинг ўзларини тутиши, қулоқсизлиги катталарнинг жаҳлини чиқаради. Нега? Чунки бундай болалар оилада отаси ёки онаси улар устидан ҳокимиятга эга эканликларини билишмайди. Аниқроғи, оналар оилада ўз ҳукмронлик ўрнини билишмайди. Тасаввур қилинг, бир бола мактабдан уйга келди. Онаси унга, кетишидан олдин, кийимларини йиғиштириб, шкафга таҳлаб кетмаганини айтиб, ҳозироқ йиғиштиришни буюради. Бола эса: «Ойи, ҳозир ўртоғим билан уникига бориб, бирга ўйнамоқчи эдик, ўртоғим мени ташқарида кутиб турибди»- дейди. Она боласининг райига қараб, унга рухсат беради. Бола ўйноқлаб, кийимларини алмаштириб, яна ўша эрталабки ҳолатдагидан баттар қилиб, кўчага чиқиб кетади. Уйда қолган ўғли эса кириб чўмилиши керак. У кичик ўғли чўмилиши учун, ваннага сувни тўлдириб қўйган. «Шокиржон, кийимларингни ечиб, ваннага кириб чўмилиб чиқ». Бола онасининг гапига эътибор ҳам қилмай, ўйинчоқларини ўйнаб ўтирибди. Бироздан сўнг она, катта ўғли ҳали дарсларини тайёрламаганини, ўйлаб, ўғлининг дўстиникига телефон қилади: «Шавкат, тезда уйга кел, ҳали дарсларингни ҳам қилганинг йўқ. Тез орада қоронғи ҳам тушиб қолади». Гўшакнинг нариги томонидан боланинг овози эшитилади: «Ойи, ҳали ўйинимизни тугатганимиз йўқ. Ўртоғим бизникида яна бироз қол, деяпти». Она бу сафар ҳам ўғлининг райига қараб, унга яна бироз вақт ўйнашига рухсат беради. Бу орада эса кичик ўғли ваннага турсикчан кириб олиб, чўмилмай, полда ўйинчоқларини ўйнаётганини кўради. Онанинг жаҳли чиқади. Ҳеч бир фарзанди унинг айтганини қилмаяпти. Шунда асабийлашиб бақиради: «Шокир, мен сенга нима дедим? Ваннага кириб чўмилиб чиқ!» Шундан сўнггина бола, ваннага кириб чўмилишни бошлайди.
Нега шундай бўлди? Кўпгина оилаларда оналар ўз ҳукмронлик ўрнига эга эканликларини унутиб қўядилар. Бундан фойдаланган фарзандлар эса, онасига таъсир ўтказишга ҳаракат қилиб, унинг айтганларига бепарво қарайди. Ўзлари истаган ишлар билан машғул бўлишади. Агар она бу нарсага ҳозир бепарво қараса, бу муаммо келажакда жуда катта тоғга айланиши мумкин.
Она боласига нисбатан талабларни тўғри қўйиб, шунда қатъий туришни билиши керак. Бола она буюрган ишни ўша заҳоти бажариши лозим. Онага болалари устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи Худо томонидан берилган. Она эса мана шу ҳокимиятдан оқилона фойдаланиши лозим. Агар она ўз ҳуқуқидан фойдаланмаса, оилада болалар унга қулоқ солмай, ўз билганлари билан машғул бўлиб, вояга етадилар. Кўпинча оналарнинг болаларига бирор нарсани тақиқлаши, болаларга ёқмайди, аммо шундай бўлса ҳам улар онасининг айтганларини бажаришга ўрганишлари керак. Бола ўз зиммасидаги ишни кейинга қолдирмай, ўз вақтида бажаришни ўрганиши, ота-онага итоат қилишни билиш кўп жиҳатдан онанинг қатъиятига ва ўз ҳукмронлигидан тўғри фойдаланишига боғлиқ.
Азизлар бизлар билан оила, бола тарбияси, болалар психологияси ҳақида суҳбатлашишни истасангиз бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимизга марҳамат қилинг. Бу сайтлар сизнинг фарзанд тарбияси, турмуш ўртоқлар ва бошқа ҳаётий муносабатларга бўлган фикрингизни кенгайтиради.