3:14

Сюрпризлар

MP3

Ассалому алайкум. Кимдандир кутилмаган совға олиш, кутилмаган ёқимли бир ҳолатга дуч келиш ҳамманинг кайфиятини кўтаради. Оилада тез-тез сюрпризлар ташкил қилиш, зерикарли ва бир хилда ўтаётган ҳаётингизни завққа, хурсандчиликка тўлдиради. Бу нарса айниқса, болаларнинг ҳаётига қувонч олиб келиб, бир умр эсларидан чиқмайдиган воқеа бўлиб қолади.

Ëдимда ёшлигимизда онам, биз мактабдан келгунимизча, хонамизни йиғиштириб, баъзи жойларига ўзгартиришлар киритиб қўярди. Баъзан кроватларимиз бошқа жойга кўчиб қолган бўлса, баъзан деворларимизга турли хил расмлар осилган бўларди. Ўзгартириш киритилган хонада ётиш жуда ёқимли эди. Ишонаман, сизнинг ҳам болалигингиз сюрпризларга бой бўлган. Сиз ҳам оилада турмуш ўртоғингиз ва болаларингизга ёқимли сюрпризлар ташкиллаштириб туринг. Бу ҳаётингизни бир хилликдан қутқаради. Болалар хонасига разм солинг. У ёки бу фарзандингизнинг кроватига тўшаладиган ёпинчиғини алмаштиришингиз ёки унинг четларига бирор нарса қўшиб тикиб қўйишингиз мумкин. Кучингиз етса, мебеллар жойини алмаштиринг. Ишлатилмайдиган бирор буюмни бўяб, безатиб, уни фойдали идиш сифатида болалар хонасига қўйишингиз мумкин. Бу нарса уларга ёқади. Байрам кунлари эса, болалар билан бирга уйингизни безатинг. Биргалашиб ишлаш, уйни безатиш болаларга завқ беради. Уйингизда бирор нарсани ўзгартиришга фантазиянгиз камлик қилса, қўлингиздан келганча, фарзандларингизга ёқимли ҳолатлар совға қилинг. «Болаларни ўғирлаш», бу сюрприз ҳар бир болага ёқиши шубҳасиз. Бир куни бир фарзандингизнинг кўзини боғлаб, бир жойга олиб боринг. Сиз ўйлаган жойга машинада ёки пиёда бориш мумкин. Агар пиёда бориладиган жой бўлса, унчалик узоқ бўлмасин, чунки бола зерикиб қолади. Машинада бўлса, унинг қизиқиши ортиб, сюрприз жуда ёқимли бўлади. Кейинги сафар бошқа фарзандингизни «ўғирлаб кетинг». Бу сюрпризни фантазиянгизни ишга солган ҳолда яна ҳам ёқимлироқ қилишингиз мумкин. Шу ёқимли ҳолат туфайли, фарзандингиз билан алоҳида вақт ажратишга, у билан суҳбатлашишга имкон бўлади. Ундан ташқари бола сиз билан бирга бўлган вақтда, юрагидаги мерҳга чанқоқлик қонади. Биргина ёқимли ҳолатни бериш билан, бир неча фойдали ишларни амалга оширган бўласиз.

Яна бир сюрприз эса «Ҳазинани топ» деб аталади. Сиз хонанинг бир нечта жойларига қоғозга ёзилган сўзларни яшириб қўйинг. Ҳар бир сўз, сиз яширган нарсанинг калити бўлсин. Кейин эса фарзандингизнинг ҳаракатини йўналтириб туринг. Агар сиз яширган қоғозчага яқин келса «иссиқ» деб айтинг. Узоқлашганда эса «совуқ» денг. Шундай қилиб, болангиз билан бирга ўйнаш, вақт ўтказиш ва унга ёқимли сюрприз тақдим этишга муяссар бўласиз. Ҳафтанинг бошқа кунларида сюрпризлар тақдим этишга имконингиз ва вақтингиз бўлмаса, дам олиш кунларида режалаштиринг.

Ишончим комил, бундай сюрпризлар фарзандингиз ва оилангиз ҳаётини ранг-баранг қилиб, бир умрга татигулик хотира билан бойитади.

Азиз аёллар сизни, болалар тарбияси, ўсмир фарзанд билан ишлаш, оила муаммолари ҳақида мавзулар қизиқтирса бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимиз айнан сиз учундир. Бу сайтларга ташриф буюринг ва ўзингизга керакли маълумотлардан боҳабар бўлинг. Биз эса сизга янги фикрлар, муаммоларнинг ечимини беришдан мамнунмиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top