Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учраша олганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, кичик уй гуруҳлари ҳақидаги эшиттиришимиз яна эфирда. Азиз биродарлар, ҳаётимизда ҳар биримиз оддий шарни пуфлаб ишириб кўрган бўлсак керак. Шар маълум катталикка етганида иширишдан тўхтамасак, бирданига ёрилиб кетади ва кераксиз буюмга айланади. Бу гапимиз билан айтмоқчиманки, кичик уй гуруҳларида ҳам шогирд орттириш ишлари амалга оширилиб туриши зарур.
Агар гуруҳ аъзолари турли семинар ва конференцияларда, ёки маълум бир дарсларда иштирок этаверса, лекин ўрганган билимларини ҳеч ким билан бўлишмаса, бундан қандай навф? Албатта ўз руҳий билимларимизни бошқа биродарларга ўргатишимиз жуда муҳим. Ҳозирги кунда айниқса бизнинг шароитда шогирд орттириш орқали кичик уй гуруҳларини кўпайтириб бориш жуда аҳамиятли. Фараз қилинг, сиз бир йил давомида битта яхши шогирд тайёрладингиз. Бир йилдан сўнг айнан шу шогирдингиз худди шу ишни бошқа биродар билан давом эттириши мумкин. Бу дегани ўз-ўзидан янги гуруҳлар ташкил бўляпти деганидир.
Шогирд тайёрлаб янги гуруҳларни ташкил қилиш бу Худованднинг олий мақсадларидан бири. Шогирд тайёрлаш ҳам ҳар хил шаклларда амалга оширилади. Масалан, гуруҳ бошқарувчиси ўзидан кейин гуруҳни бошқара оладиган янги биродарни танлаб уни шогирдликка олиши мумкин. Ёки бўлмаса, етакчи ҳам бошқа гуруҳларда мустақил хизмат қила оладиган етакчиларни тайёрлаши мумкин. Ҳурматли биродарлар, ўз гуруҳингизда ҳар бир аъзони қандайдир хизматлар билан банд бўлишини таъминлашингиз керак. Кимки Худованднинг хизмати билан банд бўлар экан, демак, шу инсонда доимо руҳий ўсишни кузатишимиз мумкин.
Шогирд билан устоз ўртасидаги учрашув уларнинг келишувига қараб белгиланиши керак. Албатта бу гуруҳ учрашувидан олдин ёки кейин бўлгани маъқул. Янги имонга келганлар билан иложи борича имонда мустаҳкам биродар учрашиб суҳбатлашгани маъқул. Улар билан ҳафта давомида, албатта йиғилишлардан ташқари камида яна бир марта учрашиш зарур. Шундагина янги имонли биродар ўзини ёлғиз ва кераксиз деб ҳисобламайди. Аксинча, ўзига берилаётган эътибордан руҳланиб тезроқ руҳан ўсиб улғаяди. Албатта шогирдлик муносабатлари учун турли дарсликлардан фойдаланиш мумкин.
Лекин энг муҳими, Худонинг каломи асло ёддан чиқмаслиги керак. Айниқса янги имонга келган биродарларнинг турли саволлари кўп бўлади. Имкон қадар ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилинг. Агар аниқ жавоб бўлмаса, келаси сафар жавоб беришга ваъда қилинг, келаси сафар эса жавоб топиб айтишга ҳаракат қилинг. Азиз биродарлар, ҳар бирингизга Отамиз Худодан донолик тилаб қоламиз. Энди эса бизнинг интернет сайтимиз манзилини эслаб қолинг: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.