3:02

Уйқу олдидан

MP3

Ассалому алайкум. Баъзан биз оналар фарзандларимизни ухлашга ётқизолмай қийналамиз. Фарзандларимиз ҳам бизга ўхшаб, телевизор қаршисида тун қоронғусигача ўтиришни истайди. Телевизор қаршисида соатлаб ўтириш, ота-онани ҳам болаларни ҳам дангаса қилиб қўяди. Болаларнинг тасаввур дунёси бойиши учун уларга телевизор эмас, турли ҳил қизиқарли ҳикоялар керак. Сизнинг уйқу олдидан айтган қизиқарли ҳикояларингиз болаларингизнинг тасаввур дунёсини бойитади. Фарзандим китоб ўқишни истамайди, деб нолиманг. Бунинг учун фақат сиз айбдорсиз. Ҳамма болалар ҳам китобни севадиган бўлиб туғилмайдилар. Агар фарзандингиз китоб ўқишни ёқтирмаса, унга турли ҳил ҳикоялар ўқиб беринг. Янги-янги маълумотлар олишга унданг.

Уйқуга ётишдан олдин ҳикоя ёки эртак тинглашни ёқтирмайдиган бола бўлмаса керак. Шундай экан, сиз ҳам фарзандингизга турли хил ҳикоялар ўқиб беринг. Китоб бўлмаса, ўзингиз ичингиздан тўқиб бўлса ҳам, айтиб бераверинг. Кўрасиз, бир марта тўқишни бошласангиз, ўзингиз ҳам бу ҳикояга қизиқиб кетасиз. Унинг бир неча кунга чўзилганини ҳам сезмай қоласиз. Ҳар сафар болаларингизга ҳикоя айтиб бераётганда бир нарса ёдингизда бўлсин: ҳикояни энг қизиқ жойида тўхтатинг. Шунда улар кейинги сафар тезроқ уйқуга ётишга ҳаракат қилади.

Ухлашдан олдин, бирор бир қизиқарли тана ҳаракатини бажариш ҳам бола танасини ухлашга тайёрлайди. Агар бу тана ҳаркати сиз айтиб бераётган ҳикояга боғлиқ бўлса яна ҳам яхши.

Болаларингиз тинчгина ётиб ором олишлари учун улар билан бирор бир ёқимли нарсалар ҳақида суҳбатлашинг. Масалан, Забурдан бир нечта оятларни ўқиб беринг. Уларни Худдо чўпон бола Довуддай, ям-яшил ўтлоқ устида ётиб, оппоқ қўзичоқларга ўхшаш булутларга тўла кўм-кўк осмонни томоша қилиб, майин шабодадан баҳраманд бўлаётганини тасаввур қилишга унданг. Бу нарса бола руҳиятини тинчлантиради. Тасаввурини ҳам бойитади.

Фарзандларингиз ҳаёти зерикарли бўлмаслиги учун қилаётган ҳатти-ҳаракатингиз уларнинг қизиқишидан келиб чиқиши керак. Агар бирор бир ҳикоянгиз ёки ўйлаб топган ўйинингиз болаларни қизиқтирмаса, ҳеч ҳам кайфиятингизни туширманг. Бу ҳақида ўйлаб худди шу ўйинни ёки ҳикояни бир-икки ойдан кейин яна такрорланг. Бу сафар болаларнинг унга бўлган муносабати албатта бошқача бўлади. Фарзандлариниз ҳаёти қизиқарли бўлиши учун уларга сюрпризлар уюштиринг. Бирор бир байрамга фарзандларингиз билан бирга тайёргарлик кўринг. Кўчага айланишга чиққанингизда гербарийлар йиғинг ва Худонинг ажойиблиги ҳақида гаплашинг. Вақтингиз бўлганида, уларни музейларга, зоопаркларга ва табиат қўйнига олиб чиқинг. Тушликка ёки бўлмаса кечки овқатга бирор бир ёқимли таом тайёрланг, ва иложи борича унга ижодий ёндашинг. Фарзандларингизга сизнинг кроватингизга ётишга рухсат беринг ва уларга ажойиб ҳикоялардан сўзлаб беринг.

Одатда фарзандлар билан китоб ўқиш, улар билан бирга бирор бир нарса қилиш, сайрга чиқиш ортиқча вақт кетказишдай туюлади. Аммо бу фарзандларимизнинг келажакда бизга меҳрибон ва ҳар бир ишга ижодий ёндашадиган инсон бўлишларига ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top