Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчиларимиз билан яна ҳаво мавжлари орқали бўлсада учраша олаётганимиз учун миннатдормиз. Азиз биродарлар, кичик уй жамоатлари ҳақида гап кетганида, биринчи галда гуруҳ бошқарувчилари кўз ўнгимизга келади. Кичик уй жамоатларидаги бошқарувчи биродарлар қандай бўлиши керак? Албатта улар ўзлари бошқариб бораётган гуруҳ учун уларнинг руҳий аҳволи учун Худованд олдида жавобгар шахслар ҳисобланади. Аввалом бор эса жавобгарликнинг бошланиш жойи уларнинг оиласи, шахсий ҳаётларининг кўринишидадир.
Ҳар бир гуруҳ бошқарувчилари ҳаёти давомида руҳан ўсиб боришлари шарт. Бундан ташқари улар Худованд билан жуда яқин муносабатда бўлишлари ва Худодан ўрганган барча нарсаларига тўлиқ амал қилишлари зарур. Бу қандай бўлади? Бошқарувчи Худованд билан бирга сокин вақт ўтқазадиган вақтида, ўзи ва оиласи ҳамда гуруҳдаги барча биродарлар учун ибодат қилиб туриши керак. Муқаддас каломни ўқиб ўрганиш ва доимо ибодатда бўлиш нафақат бошқарувчи учун, балки гуруҳ аъзоларининг барчаси учун жуда зарур.
Бундан ташқари гуруҳ бошқарувчисининг ўзи меҳнат қилиб пул топиши ҳам муҳим, деб айтишимиз мумкин. Ўзининг меҳнати билан пул топиб оиласини боқаётган бошқарувчи ҳар доим гуруҳнинг бошқа аъзолари учун намуна бўлиб келган. Охирги пайтларда мен шунга эътибор бердимки, бошқарувчиларнинг руҳий жиҳати гуруҳ аъзоларининг ҳам имонига ўз таъсирини ўтқазаётгандек. Агар бошқарувчи доимо Хушхабар етқазувчи бўлса, гуруҳ ҳам айнан ундан ўрнак олади ва Хушхабар тарқатишда илдамлик пойафзалини кийишади. Азиз биродарлар, ахир асл мақсадимиз ҳам шунда эмасми?
Ҳар биримизга Раббимиз Исо Масиҳ томонидан буюрилган амр ҳам айнан ушбу гапларимизни тасдиқлайди. Кичик уй жамоатлари доимо дунёдан ажралиб нур сифатида порлаб туриши зарур. Бунинг учун маҳаллада, ишхонада, умуман бошқа инсонлар олдида доимо нур бўлиш зарур. Ўзимизнинг хайрли ишларимиз орқали ушбу мақсадларга ҳам эриша оламиз. Ҳеч бир масиҳий оила йўқки, маҳаллада бошқаларнинг назарида бўлмасин. Шундай экан, айниқса етакчи учун ўз оиласига Худонинг меҳр-муҳаббатини кўрсата олиши бошқалар учун ҳам намуна бўлади. Бундан ташқари оилавий ибодат ва биргаликда калом ўқиб ўрганиш — гуруҳ аъзолари учун ҳам намунадир.
Албатта бундай руҳий ишларни бошқаларга намуна бўлиш сифатида эмас, балки Худованднинг номини улуғлаш учун қилишимиз зарур. Азиз биродарлар, гуруҳ етакчиларини ҳурмат қилиш ва улар учун доимо ибодат қилиш эса ҳар биримизнинг вазифамиздир, деб айтишимиз мумкин. Чунки уларга доимо шайтон ўзининг қаршиликларини ёғдириб туради. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзили: www.najot.com Вақт топиб, албатта ушбу сайтимизга марҳамат қиласиз деган умиддамиз. Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.