3:02

Уй гуруҳлари 109

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли биродарлар, кичик уй жамоатлари йиғилишлари ҳафтада бир марта бўлади, умумий гуруҳларнинг йиғилиши эса бир ойда бир марта бўлади. Лекин бундай йиғилишлар қатъий тартибда белгилаб қўйилган эмас. Йиғилишларнинг қаерда бўлишини аниқлаш асосан гуруҳ бошқарувчиси ёки гуруҳ аъзоларининг ўзаро келишилган ва олдиндан белгиланган жойида бўлиши маъқул. Кўпинча телефонлар орқали йиғилишларнинг қаерда бўлишини аниқлаш айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Тўғри, масиҳийлар орасида ўзига яраша қоғозга ўраб гапиришнинг турли усуллари бор. Лекин бу хавфсизликни таъминлай олади деб, ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай экан, доимо донолик билан иш юритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Кўпинча гуруҳ етакчиси жойни аниқлаб, гуруҳ аъзоларининг қолганларига билдириши яхши бўларди. Ёки бўлмаса, гуруҳдаги айрим биродарларга шу хизматни бериш ҳам мақсадга мувофиқдир. Йиғилишга кела олмаган айрим биродарларнинг кейинги йиғилишларга келишини таъминлаш ҳам хизмат турларидан бири, деб айтишимиз мумкин.

Бундан ташқари йиғилишнинг тартибини олдиндан тайёрлаб, ҳар бир иштирокчининг йиғилишда биргаликда иштирокини таъминлаш ҳам кимнингдир вазифаси бўлиши — йиғилишларимизни янада чиройли ўтишини таъминлайди. Азиз биродарлар, бу биз томонимиздан таклиф этилаётган кичкина бир режадир. Йиғилишларни қандай тартибда ўтқазишни эса сиз, азизлар, биздан кўра яхшироқ биласиз деган умиддамиз. Ҳар қайси қишлоқнинг ўзига яраша шарт-шароити бор. Шундай экан, барчаси фақатгина сизга боғлиқ. Ҳар бир гуруҳда имонда кучли бўлган биродарлар олдиндан биргаликда учрашиб йиғилишларни тартибини келишиб олиш яхши натижалар беради.

Шунга ўхшаш учрашувларга аста-секин қолган биродарларни ҳам таклиф қилиш мумкин. Ҳар бир биродар ўзига юклатилган вазифаларни ситқидилдан бажариши жуда муҳим. Ҳар биримиз ушбу вазифаларни Худованднинг улуғланиши учун қилаётганимизни англаб етишимиз керак. Азиз биродарлар, кичик уй жамоатларидаги биродарларнинг бирдамлиги жуда муҳим. Бирдамлик бўлса, биродарларнинг орасидаги севги-муҳаббат бўлса, гуруҳингиз гуллаб-яшнайверади. Ҳурматли радио тингловчи дўстлар, шундай маъсулиятли хизматда ҳар бирингизга тинчлик, омад ва барака тилаб қоламиз.

Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини яна бир бор айтиб ўтсам: www.najot.com Азизлар, ушбу сайтимизга ташриф буюриш балки унчалик осон бўлмаслиги мумкин.Турли хил усуллардан фойдаланинг ва ўйлаймизки, интилган киши албатта йўл топа олади. Сайтимиздан ўзингиз учун керакли маълумотларни олиш имконига эга бўласиз. Ҳозирча хайр омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top