3:25

Руҳий ғалаба 248

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири “Дилкаш” радиосига хуш келибсиз. Ҳурматли радиомиз мухлислари, ҳаворий Павлус 1 Коринфияликларга мактубининг 5 бобидан ташқари яна 1 Тимутийга мактубининг 1 боби 18 ва 20 оятларида шундай деб айтгани ёзиб қўйилган: “Эй ўғлим Тимутий, илгари пайғамбарнинг сен ҳақингда берган кароматларини кўзда тутиб, буларни сенга буюриб топшираман. Ўша кароматларга биноан яхши жангчидек жанг қил. Имон ва виждон поклигини сақлаб тур. Баъзилар пок виждонни сотдилар ва уларнинг имон кемалари ҳалокатга учради.

Именей ва Искандар шулар жумласидандир. Улар яна куфур қилмасин деб, уларни шайтонга топшириб қўйдим”. Ҳаворий Павлус ушбу гаплари билан ўз хоҳиши орқали шу икки инсонни шайтонга топшириб қўйгани ҳақида аниқ айтмоқда.

Бунинг сабаби нимада экан? Балки улар эски ҳаётига қайтиб, бироз яшаганларидан кейин Худованд билан биргаликда яшаш қандай ажойиб эканлигини тушуниб етишлари учундир. Юқоридаги оятимизда “Имон ва виждон поклигини сақлаб тур” деб ёзилган жойи бор. Бу дегани ҳаётингда нимаики содир бўлмасин, ҳақиқатдан юз ўгирма ва имонда мустаҳкам бўл деганидир. Худовандга имон келтириш — бу ҳар бир хоҳловчи инсоннинг ҳаётида бир марта ва бир умрга содир бўладиган нарса.

Биргаликда ўқиган оятимизда яна “пок виждон” деган жойи ҳам бор. Бу дегани эса биринчи галда Худованд олдида, иккинчиси эса бошқа инсонлар олдида иккиюзламачилик қилмаслик ҳақида гапириляпти. 19 оятни ўқиганимизда қандайдир одамлар пок виждонини сотдилар, деб айтилади. Булар қандай одамлар эди? Бу инсонлар Эфес жамоатини бошқараётган инсонлар эди. Балки яна бошқа жамоатларни ҳам бошқарган инсонлар бўлиши ҳам мумкин. Шу инсонлар Худованднинг ҳақиқатидан юз ўгириб, ўзларининг талабларини қондириш учун бошқа принципларга ишонишиб, ёлғон гапиришга мажбур бўлган инсонлар эди.

Бунинг натижасида эса уларнинг имон кемалари ҳалокатга учради. Шу инсонлардан иккитасини исмини Павлус ўз мактубида эслайди, улар Именей ва Искандар деган инсонлар эди. Ҳаворий Павлус шу икки инсонни ибодатхонадан ҳайдаб, уларни шайтонга топшириб қўйди. Токи улар Худованднинг қадрига етишлари ва ҳақиқат нималигини билишлари учун. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали шуни хулоса қилишимиз мумкинки, ҳар қандай янги таълимотни олдиндан яхшилаб ўрганиб текшириб кўриш лозим. Масиҳийлик тарихига назар соладиган бўлсак, шу кунга қадар таълимотларда кўпгина ўзгаришлар содир бўлган.

Ҳозирги кунда ҳам ўзларининг нотўғри таълимоти орқали бутун масиҳийликни заҳарламоқчи бўлганлар кўплаб топилади. Нотўғри таълимотга эса асло йўл қўймаслик лозим. Азизлар, бизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзили: www.najot.com Сайтимизга ташриф буюринг ва ўзингиз учун керакли ва қизиқарли маълумотларга эга бўлинг. Ҳозирча сиз билан хайрлашиб, яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча, деб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top