Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли биродарлар, кичик уй гуруҳларида ҳар бир аъзонинг ўзига яраша хизматлари бўлиши керак. Азиз бошқарувчилар, ўз гуруҳингизга айрим биродарларнинг шунчаки қуруқ келиб кетишига йўл қўйманг. Бундай талаб биродарларнинг доимо руҳий мустаҳкам бўлишига қанчадир фоиз хизмат қилади. Албатта, жамоатда бошқарувчилар ва етакчилар ушбу масалани биргаликда ҳал қилишлари лозим.
Шундай экан, яна бир муҳим масалани айтиб ўтмоқчи эдим. Ҳар бир жамоатларда бўлгани каби кичик уй гуруҳларининг ҳам оқсоқоллари бўлиши керак. Оқсоқоллар қандай танланиши керак? Албатта оқсоқоллар уй гуруҳида астойдил хизмат қилиб келаётган етакчилар ёки олиб борувчилар орасидан танланиши мумкин. Шу номзод қуйидаги талабларга мос келиши керак: оилавий муносабати, Худованд билан бўлган муносабати ва албатта бошқаларга, яъни биродарларга бўлган муносабати талабга жавоб бериши керак. Оқсоқол чин кўнгилдан ва асло ҳеч нарсадан нолимай, Худога хизмат қилувчи бағишланган биродар бўлиши лозим.
Оқсоқол бўлиш бу шунчаки мансаб эмас, аксинча, катта жавобгарликка эга бўлган масиҳий биродардир. Оқсоқол танланганидан сўнг албатта жамоатнинг қолган аъзоларига ҳам таништирилади. Жамоат эса биргаликда шу биродарга қўл қўйиб ибодат қилишади. Оқсоқол танлашда унинг ташқи кўриниши, ёши ёки унинг бойлиги эмас, аксинча, энг муҳими художўйлигига эътибор берилиши керак. Азиз биродарлар, оқсоқолларда жамоатни тўғри бошқариш учун катта жавобгарлик бор. Шунинг учун у доимо Худованд билан жуда яқин муносабатда бўлиши керак. Оқсоқол жамоатда олиб борувчининг ва бошқа хизматчиларга ҳам бўйсунишни билиши керак.
Оқсоқол дегани ҳамма энди унга бўйсуниши керак дегани эмас, оқсоқол доимо бошқа хизматчилар билан маслаҳатлашиб иш юритишни билиши керак. Ҳурматли биродарлар, ҳар доим ҳам оқсоқолнинг айтганлари тўғри бўлмаслиги мумкин.
Шунинг учун бошқа биродарларнинг ҳамфикрлиги у учун жуда муҳим. Шахсан мен ҳаётда шундай оқсоқолларга дуч келганман, улар то оқсоқол бўлиб сайлангунгига қадар ажойиб хизматчилар эди. Оқсоқол бўлиб сайланганидан сўнг орадан бир-икки йил ўтгач, уларни кўриб кўзларимга ишонгим келмай қолган. Азиз оқсоқоллар, оқсоқол бўлиш бу камтарлик ва бошқаларга ўрнак бўлиш, энг муҳими ажойиб хушхабарчи бўлиш керак.
Айрим пайтларда оқсоқолларнинг ўрталарида рақобатчиликни ҳам кўриш мумкин. Масалан, кимнинг машинаси энг яхши ёки кимнинг уйи энг зўр ва бошқалар. Азизлар, буларнинг бари ўткинчидир. Худованд эса абадий. Шунинг билан азизлар, бугунги мавзумиз ўз поёнига етиб қолди. Сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр омон бўлинг.