Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз биродарлар, сиз билан ушбу мавзу ҳақида суҳбатлашганимизда кўп бора айтганмиз, шайтон доимо ўзининг оловли камонини доимо масиҳий биродарларга қарши отиши ҳақида. Ушбу отилган оловли ўқни тўхтатиб қолишнинг ягона усули — бу тўлиқ Худовандга ишонишдир.
Агар юз фоиз Худовандга бўлган ишончимиз йўқолмас экан, нафақат оловли ўқни, балки шайтоннинг бошқа ҳужумларини ҳам Худованд тўхтата олади. Бунинг натижасида эса Худованд Ўзига ишонганларнинг барчасини соғ ва омон руҳий ҳаёт кечиришини таъминлайди. Ҳикматлар китобининг 30 боби 5 ва 6 оятларини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Худованднинг ҳар бир сўзи ҳақиқатдир. Ўзи эса Унга умид боғлаганни қалқони. Унинг сўзларига қўшма, У жазоласа, ёлғоннинг фош бўлса нима қиласан?” Азиз биродарлар, ҳар биримизга яхши маълумки, Худо асло ёлғон гапирмайди.
Агарда У инсониятга қандайдир ваъда қилган бўлса, орадан асрлар ўтсада, албатта Ўз ваъдасининг устидан чиқади. Бунга биз Муқаддас каломни ўқиганимизда амин бўлишимиз мумкин. Шайтон эса доимо бунинг аксини амалга оширади. Азиз биродарлар, баъзида ким биландир суҳбатлашиб қолсангиз ва унинг айрим гуноҳ ишлари ҳақида айтсангиз, “йўқ, буни шайтон эмас, мен ўзим қиламан, шайтон менга асло ҳеч нарса ҳақида ўргатмайди”, деб айтишади. Албатта бу инсоннинг фикри. Аслида шайтон барча инсонларни ёлғончи, ҳасадгўй, ўғри ва шунга ўхшаш бошқа гуноҳ ишларни амалга оширишини истайди.
Инсон эса ўзи билмаган ҳолда буларни амалга оширмоқда. Бунинг оқибатида шайтон маълум даражада ўзининг мақсадини инсонлар орқали амалга ошириб келмоқда. Ҳурматли биродарлар, наҳотки Худога қулоқ солиб У билан бирга комиллик сари интилиб яшаш шунчалик қийин бўлса? Менимча, Худога муносиб бўлиш учун инсон ўзидаги айрим камчиликлардан ва ўрганиб қолган қусурлардан озод бўлиши керак. Бизни эса фақатгина Худованд озод эта олади. Шайтон эса айтиб ўтганимиздек, фақатгина бунинг аксини қилади. Юҳанно мактубининг 8 боби 44 оятида шайтоннинг кимлиги аниқ тасвирлаб берилган, келинг биргаликда ўқиб кўрамиз: “Сизларнинг отангиз иблисдир. Сизлар ўз отангизнинг нафсу эҳтиросларини бажо келтирмоқчисизлар.
Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳақиқат томонида турмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига яраша сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир”. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини яна бир бор айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com азизлар, ушбу манзилимизга ўз мактубларингизни юборишингиз мумкин. Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр омон бўлинглар.