Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азиз тингловчиларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, қандай қилиб биз имонлилар янада Худога яқинроқ бўлишимиз мумкин? Ёқуб китобининг 4 боби 8 оятидан ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади. Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар! Эй ҳардамхаёллар, кўнгилларингизни тўғри қилинглар!”
Биринчи галда шуни ўйлаб кўришимиз керакки, Худованддан бошқа яна ким бизга энг яқин дўст ва дардкаш бўла олади? Агарда ҳақиқатдан ҳам Худованд бизнинг энг яқин дўстимиз бўлишини истасак, У билан кўпроқ вақт ўтқазишга ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун эса ибодат ва кўпроқ Унинг сўзларини Муқаддас каломдан ўқиб амалга оширишимиз мумкин. Албатта каломни ўқиб кўп нарсаларни тушунмаслигимиз мумкин, лекин биздан кўра тажрибалироқ бўлган биродарларимиз, албатта бизга ёрдам беришга доимо тайёрдир. Худовандга ибодат орқали ҳаётимизда бўлаётган барча ўзгаришлар ёки бизни қийнаётган барча саволларимизни айтишимиз мумкин.
Худовандга келажак умидларимиз ҳақида ҳам очиқ айтишимиз мумкин. Албатта Худованднинг ҳар бир инсон учун Ўз режаси бор. Азиз биродарлар, биз имонлилар кўпинча ибодатларимизда фақат Худованддан нимадир сўрашга ўрганиб қолганмиз. Сўрашдан ташқари миннатдорчилик ибодатлари ҳам мавжуд. Ҳар куни эрта тонгда уйғонганимизда, Худованд ўзимизни оиламизни ва бола-чақамизни соғ-саломат асрагани учун ибодат қилиб кунни бошлашимиз мумкин. Инсон доимо нимададир хато қилиши мумкин, шундай пайтларда Худованддан кечирим сўраб, Унга яқинроқ бўлишни истаётганимизни айтишимиз мумкин.
Азизлар, Худованднинг олдига келган ҳеч бир инсонни У ўз олдидан ҳайдамайди. Ибодатларимиз орқали яқинларимизни Худованд қутқаришини сўрашимиз мумкин. Шу орқали Худога кун сайин янада яқинлашиб борамиз. Доимо ибодатхонага қатнашиб Худованднинг номини улуғлаш орқали одамлар Унга яқинлашадилар. Шундай экан бизга ҳам бошқалар билан биргаликда Худовандга яқинроқ бўлишимиз учун ҳеч ким халақит қилмайди. Азизлар, Унинг номини доимо улуғлайлик. Ҳар куни Раббимиз Исо Масиҳни қилган ажойиб ишларини кўз олдимизга келтирайлик. Азизлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, биз Худовандга яқинлашсак У ҳам бизга яқинлашади.
Худовандни кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилайлик, шунда ҳаётимиз мазмунлироқ бўлади. Фақатгина айрим масиҳий принципларни сақлаш билангина Худога яқинлаша олмаймиз. Худовандга ўзимизни тўлиқ топшириш орқали яқинлаша оламиз. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ҳам ўз поёнига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз тингловчилар.