Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар, сиз азиз дўстларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Шогирд орттириш амалда нималардан иборат? Азизлар, ушбу саволимизга бир нечта жавоблар мавжуд. Шулардан энг асосийлари ушбулардир: Амалда қўллаш – бу шогирд орттириш ҳақида ўрганганларини кундан-кун ўз ҳаётида юзага чиқаришдир. Ҳаётини, вақтини ва диққатини шогирд билан бўладиган муносабатларга бағишлаш, у учун ибодат қилиш, унинг уйини, аҳволини, ишини билишдир. Шу билан бирга унга ўрнак бўлиш, ҳаёти билан қизиқиш, биргаликда Худога хизмат қилиш, меҳрибонлик билан уни муқаддас ҳаёт кечиришга ундашдир.
Бироқ уни бошқариш ёки ўзига ўхшаш қилиш керак эмас. Шогирд орттириш шунчаки ҳақиқатларни ўргатиш ёки дарс ўтиш эмас. Бу хизматга юқорида айтилганларнинг бари киради. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳозир бутун дунё масиҳийлари шогирд орттириш масаласига кенгроқ эътибор беришмоқда. Бунинг ҳам бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, бир кишига Хушхабар айтиб уни имонда мустаҳкамлаш ва руҳий ўстириш бўлса; иккинчидан, шогирд орттириш орқали кўпроқ Хушхабар тарқатиш мумкин экан. Шогирд орттиришнинг қийин ва осон жиҳатлари мавжуд. Шунинг учун аввало турли семинарлар орқали шогирдликни нима эканлигини ўзимиз яхши тушуниб олишимиз зарур. Агарда бунинг имкони бўлмаса, ўзимиздан кўра тажрибалироқ бўлган биродарларимиз билан маслаҳатлашиб, улар билан фикр алмашиб туришимиз мумкин.
Энг муҳими шогирдлик қилишни асло кечиктирмай бошлаш лозим. Асосан барчамиз иккита нарсани билиб олишимиз керак. Қандай қилиб Исода қолиш ва қандай қилиб самара беришни. Юҳанно мактубининг 15 боби 1 оятидан то 17 оятигача бўлган жойда айнан шулар ҳақида гап юритилади. Ҳозирги кунда узоқ қишлоқларда хизмат олиб бораётган биродарларимиз мустақил равишда турли қўлланмалардан фойдаланиб, ўзлари шогирд ва устозлик қилишлари мумкин. Шогирд орттириш ҳақидаги “Илк Қадамлар” китобчаси айнан ҳар биримизга қўл келади. Ушбу қўлланма орқали шогирдлик қилмоқчи бўлган биродарларимиз ўзларининг кўплаб саволларига жавоб топишлари мумкин. Ушбу қўлланмадаги дарслар оддийгина намунага амал қилган ҳолда ўрганилади. Раббимиз Исо Масиҳ ҳам Ўз хизматини бошлаган кундаёқ шогирдлик масаласига жиддий эътибор берган эди.
Раббимизнинг кўплаб шогирдлари бўлган. Биз эса асосан ўн икки шогирд ҳақида яхши биламиз. Азиз биродарлар, ўзингиз қатнаётган жамоатда ҳам шогирдлик билан шуғулланишингиз мумкин. Ўйлайманки, Худовандга ушбу хизматингиз албатта маъқул бўлади. Жамоатни эса янада гуллаб яшнатади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумизга якун ясаб сизлар билан хайрлашмоқчиман. Ундан аввал эса сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com азиз биродарлар, ушбу манзилга ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча хайр саломат бўлинглар.