Ассалому алайкум ҳурматли радиомизнинг азиз тингловчилари. Сизлар билан яна радиомиз тўлқинлари орқали ғойибона бўлса-да учрашаганимиздан ғоят хурсандмиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, биз ўқитувчилар болаларга дарс берганимизда, бола ўқитувчиларнинг оғзидан нимаи-ки чиқса шунга ишонади. Агар ўқитувчи нотуғри нарсани ҳам тўғри, деб таъкидласа бола шунга ишонади. Азизлар, гап ҳозир бу тўғрисида эмас. Ўқитувчининг ҳар бир гапи Муқаддас Каломга асосланган бўлиши шарт. Бола эса ҳар бир гап Муқаддас Каломдан келтирилаётганига амин бўлиши керак.
Айниқса кимгадир Хушхабар айтадиган бўлсак, Муқаддас Каломдан гапириш жуда муҳим ҳисобланади. Ҳар бир тингловчи Муқаддас Каломни тинглаётганини ва Худованднинг сўзи қанчалик муҳим эканлигини билиши керак. Азиз ҳаворийлар доимо Каломга асосланиб гапиришган. Ҳаворийлар мактубининг 3 боби 18 оятида ҳаворий Бутрус шундай деб айтгани ёзилган: “Худо-ку барча пайғамбарлар оғзи ила Масиҳнинг азоб чекишини олдиндан хабар қилган эди ва Ўз сўзини ана шу йўсинда бажо келтирди”.
Азизлар, бундан шуни тушуниш мумкин-ки, Худованднинг қутқариш режаси Каломга асосланиб амалга оширилган. Бундан ташқари 1 Коринфликларга мактубининг 15 боби 3 ва 4 оятларини ҳам биргаликда ўқиб кўрсак: “Мен Худодан қабул қилганимни дастлаб сизларга топширган эдим, яъни Муқаддас Битикларга мувофиқ Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлди, яна Муқаддас Битикларга мувофиқ У кўмилди ва учинчи куни тирилди”. Азиз биродарлар, энг муҳими, биз гапираётган Хушхабар ўзимизнинг шахсий тўқимамиз ёки кимларнингдир ўйлаб топган гаплари эмас, барчаси Худованднинг Каломида ёзилаган Худонинг сўзлари эканлигини болалар билишлари керак.
Болаларга тушуниш осон бўлиши учун ўз гапларимизда шунга ўхшаш гапларни тез-тез ишлатиб туриш кўпинча ёрдам беради. Яъни “Худо шундай деган”, “Худо Ўз Каломида шундай деб айтади,” азизлар, шунга ўхшаш фразалар кўпинча жуда муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари агарда болалар саволлар билан сизга мурожаат қилгудай бўлса, Муқаддас китобдан жавоб беришга одатланинг. Ўз сўзларинингз билан жавоб бериш болаларни янада чалғитиб қўйиши мумкин. Муқаддас калом бошқа китоблардан тубдан фарқ қилади. Чунки у Худованднинг сўзлари билан ёзилган китобдир.
Шунинг учун ҳам кўплаб асрлар давомида ушбу Калом ўз кучини йўқотмай, бизнинг давримизгача етиб келди. Азиз биродарлар, Муқаддас Каломни болаларнинг ўзлари ҳам ўқишни ўрганишлари жуда муҳим. Буни эса биз катталар уларга ўргатишимиз керак. Муқаддас китоб барча инсонларга тўғри йўл кўрсатувчи ёруғликдир. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимизга якун ясаб, ўзимизнинг интернетдаги сайтимиз манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com азизлар, яна “Дилкаш” радиомизнинг қувноқ тўлқинларида учрашгунча хайр саломат бўлинг.