Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. Азиз биродарлар, фикр-мулоҳазалар ва ўқиб-ўрганишлардан сўнг, Ҳазрати Исо қайта тирилгандан кейин ва илк имонлилар жамоати вужудга келгандан сўнг, иблис бошлаган қаршилик ҳаракатини биз тушуниб етамиз, ўзимизни ҳар қандай ҳамладан ҳимоя қила оламиз.
Муқаддас Каломда айтилишича, инсонлар томонидан бошқариладиган ҳокимиятлар Эгамиз Худо томонидан эзгу мақсадларни амалга ошириш учун ўрнатилган. Бу ҳақида Римликларга мактубининг 13 боби 1 оятида то 7 оятигача бўлган жойдан ўқиб кўришингиз мумкин. Бу бошқарув идоралари одамлар томонидан бошқарилганлиги туфайли ҳам, ёвуз руҳий кучлар учун қўлга олиш мумкин бўлган энг нозик жой саналади. Ҳаворий Павлус буларнинг ҳаммасини жуда яхши билган. У эфесликларга мактуб ёзган пайтда қамоқда ўтирган ва рим аскари уни қаттиқ қўриқлаган. Лекин Худованд доимо у билан бирга эканлигини ҳаворий Павлус яхши билар эди.
Павлуснинг бирдан-бир содир этган жинояти — Нажоткор ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилгани эди. Эфесликларга мактубининг 6 бобининг 19 ва 20 оятлари бизга айнан шу ҳақида гапиради. Бошқа бир ҳолатда эса, у Эфесдаги имонлилар жамоати чўпони Тимўтийга ҳамма имонлилар якдиллик билан “Худо йўлида обрў-эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечириш учун, … подшоҳлар ва ҳукмдорлар учун” дуолар ўқишни ва тоат-ибодатлар қилишни насиҳат қилади. “Бу хайрли иш бўлиб, Нажоткоримиз Худога мақбулдир. У бутун инсонлар ҳақиқатни билиб олиб, нажот топишини истайди”, деб ёзган эди.
Эгамиз Худонинг мақсадларини амалга ошишига йўл қўймаслик учун ёвузлик ва зулмат кучлари бошқа кўплаб усулларни ишга солиши мумкин. Аммо тўсқинлик иблисданми-йўқми деб, ҳар доим ҳам кавлаштириб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу йўл кўп ҳолларда яхшиликка олиб келмайди. Бундай шубҳа-гумонли ташвишланишлар охир-оқибатда миянгизни бемаъни ўй-фикрларга тўлдириб ташлайди. Павлус руҳий душманларимизга қарши мустаҳкам тура олишимиз учун бизга энг яхши ҳимоя усулини кўрсатган. У бизни “Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланишга” чақиради Эфесликларга мактубининг 6 боби 11 оятида.
Худонинг бундай қудратли қуролини олиб юришни ва ундан фойдаланишни ўрганган имонли иблиснинг бузуқ режаларига қарши кураша олади ва жангдан кейин ҳам йиқилмасдан, ҳолсизланмасдан, мустаҳкам тура олади. Азиз биродарлар, сизга ҳам имонда мустаҳкам бўлишингизни тилаган ҳолда сиз билан хайрлашмоқчимиз. Ундан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Азиз биродарлар, албатта ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Ўйлаймизки, ўзингиз ва биродарларингизни руҳан мустаҳкам бўлиши учун кўплаб керакли маълумотларга эга бўласиз. Ҳозирча эса хайр соғ-омон бўлинг .