3:16

Худонинг сўзи 207

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Азиз радио тингловчи биродарлар, Юсуфнинг акалари у билан қандай муносабат қилишди? Келинг бугун шу ҳақида бироз гаплашсак. Рубен эса ўзига-ўзи: “Ҳамма кетиши билан Юсуфни қутқариб оламан ва отамнинг олдига олиб бораман. Бу билан айбимнинг ҳеч бўлмаса бир қисмини ювган бўламан.

Балки шу орқали отам мени кечирар,” деб ўйлаган эди. Шу орада Юсуф акаларининг олдига етиб келди. “Сизларга тинчлик бўлсин!” — елкасидан қопни туширар экан, хурсанд бўлиб деди Юсуф.У отаси нима айтишни буюрган бўлса, ҳаммасини уларга етказди. Шундан сўнг акалари асалари галасидай Юсуфни ўраб олишди. Улар дарҳол укаларини ушлаб олмасдан, аввалига жанжал бошладилар: “Сен яна бизнинг нима қилаётганимизни кузатиб, сўнг отамизга чақиб бериш учун келдингми?”Юсуф бунинг учун ҳам эмас, ўз хоҳиши бўйича ҳам эмас, балки уни отаси юборгани учун келганини тушунтирди. Худди шундай икки минг йил ўтиб, самодан келган Раббимиз Исо Масих ҳам шундай деган:

“Мен Ўзимча келганим йўқ, Мени У (Отам) юборди”. “Сен яна бизни камситмоқчимисан?” — тегажонлик қилишарди акалари. “Нима, Ёқуб фақат сенинг отангми?” Шундай сўзлар билан улар Юсуфни ушлаб олиб, устидаги кийимларини йиртиб ташладилар ва қўл-оёқларини боғлаб, қудуққа ташладилар. Азиз радио тингловчи биродарлар, эх-ҳе, Юсуф қанчалар раҳм-шафқат сўраб ёлворди-я!Қанча йиғлади! Ҳатто қўрққанидан эса отасини ёрдамга чақириб, бақирар эди! Қудуқнинг тубидан унинг бўғиқ нолалари эшитиларди, бераҳм акалари эса бу вақтда Юсуф уларга олиб келиб берган нонларни еб ўтиришарди.

Бундай одамлар ҳозир ҳам бор. Улар ҳаёт нони Худованд Каломига эгадирлар, У туфайли яшаяптилар, ҳазрати Исони ва Унинг қонини эса рад этаяптилар. Рубен укалари билан бирга ейишни хоҳламади. У Юсуфни қудуққа ташлашда уларга ёрдам ҳам бермади, бироқ бунга қаршилик ҳам кўрсатмади. Ахир гуноҳга ботган киши ҳали ҳеч қачон бошқа кишини жарга қулаб кетишидан қутқариб қолмаган.

Юсуфнинг оҳу нолаларини эшитмаслик учун Рубен, укалари кетгандан сўнг қайтиб келиш мақсадида уларнинг олдидан узоққа кетиб қолди. Сўнг у қайтиб келди, бироқ энди кеч эди. Ёқубнинг ўғиллари овқатланиб ўтиришганда уларнинг олдига исмоилийлар карвони яқинлашаётганини кўрдилар.

Улар туяларда Мисрга қимматбаҳо товарлар олиб кетишаётган эдилар. Худованднинг Юсуфни ҳаёти учун муҳим режаси мавжуд эди. Шунинг учун ҳам Худо Юсуфни ўлиб кетишини истамади. Акалари Юсуфни қудуқдан тортиб олишди ва савдогарларга сотиб юбордилар. Азизлар, мавзумиз шу ерда ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет манзилимиз: www.najot.com ҳозирча эса хайр соғ-саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top