Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Азиз радио тингловчи биродарлар, масиҳийларни “ака-ука”, “опа-сингил” деб айтишимизнинг сабаби, улар фақатгина бир имонда бўлгани учунгина эмас, ёки улар бир мақсад билан Худога хизмат қилаётгани учунгина эмас, бунинг яна бошқа ўзига яраша сабаблари ҳам мавжуддир.
Келинг, яхшиси бу ҳақида Муқаддас Каломдан ўқиб кўрамиз. 2 Коринфияликларга мактубининг 4 боби 10 оятида бунинг сабабини биз масиҳийларга шундай тушунтиради: “Исонинг ҳаёти баданимизда намоён бўлиб турсин деб, Унинг ўлимини доим баданимизда олиб юрибмиз”. Азиз биродарлар, биз масиҳийларнинг ака-ука ва опа-сингил бўлиб яшашимизнинг ягона сабабларидан бири, Раббимизнинг тўккан қони ва Руҳи бизларни бирлаштиради. Бундан ташқари яна Юҳанно мактубининг 1 боби 12 ва 13 оятларида ҳам шундай деб ёзиб қўйилган:
“Уни қабул қилганларга эса, барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш иқтидорини берди. Улар на қондан, на тана хоҳишидан, на эр хоҳишидан, балки Худодан туғилдилар”. Шундай экан биз масиҳийларнинг бир- биримиз билан қариндош ака-ука, опа-сингил бўлиб кетишимизнинг ягона сабаби -Раббимиз Исо Масиҳнинг биз инсонлар учун қилган ажойиб ишидир. Демак, бизларнинг Отамиз бир. Отаси бир бўлган барча бир-бири ила яқин қариндошлар саналади. Азиз биродарлар, келинг Ибронийларга мактубидан яна бир муҳим оятни биргаликда ўқиб кўрамиз.
“… Агар У билан бирга ўлган бўлсак, У билан бирга ҳам яшаймиз.” Ҳар биримиз яқин қариндош бўлганимиз учун ҳам, Муқаддас Руҳнинг биз билан бирга эканлигини доимо ҳис этиб турамиз. Ҳаворий Павлус ҳам бизларнинг бир- биримизга яқин эканлигимизга асло шубҳа қилмаган, ҳатто у Римликларга ёзган мактубининг бирида, Раббимиз Исо Масиҳни ака-укаларнинг “энг тўнғичи” деб айтади. Азиз биродарлар, оила каттаси доимо ўзидан кейин туғилганларга маслаҳат бериши, йўл кўрсатиши мумкин. Шундай экан Раббимиз бизнинг ҳақиқий маслаҳатчимиз бўлиши керак.
Масиҳийликдаги қариндошликни ва яқинликни ҳамда севгини юракдан ҳис эта олиш учун, бутун вужудимиз билан Худога қарашимиз керак. Худованд Ўзининг севгисини аллақачон бизларга кўрсатган, биз фақатгина уни ҳис этиб яшашимиз қолди холос. Масиҳийча севги биринчи галда ўз оиламиздан бошланиши керак. Бошқаларга кўрсатилган севги орқали Худованднинг буюк ишларини амалга ошириш мумкин. Шунинг билан азиз биродарлар, ака-укалар ҳамда Масиҳдаги опа-сингиллар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.