3:42

Илоҳий ҳақиқат ва озодлик ҳақида

MP3

Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, ҳаётингиз қандай кечаяпти? Сиз ҳам озод ҳаёт тарзини бошингиздан ўтказяпсизми? Одамни ўзи нима озод қилади? Келинг, ушбу қизиқарли саволга жавоб топиш мақсадида Каломнинг оятларига назар солсак. Юҳанно хушхабарининг саккизинчи бобида шундай ёзилган: “Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: – Агар Менинг каломимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади. – Биз Иброҳим наслимиз, – деб жавоб берди улар. – Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Сен қандай қилиб, „Озод бўласизлар”, деяпсан?  – Сизларга гапнинг ростини айтсам, – деди Исо, – гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир. Қул уйда умрбод турмайди, ўғил умрбод туради.

Шундай қилиб, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан эркин бўласизлар. Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингизга ўрнашмайди. Мен Отамнинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сўзлаб бераман. Сизлар эса ўз отангиз ҳузурида кўрганларингизни бажарасизлар.” (Юҳанно 8). Демак, инсонни фақат ҳақиқат озод қилар экан. Ҳақиқат эса нимадан иборат? Ҳақиқат Исо Масиҳнинг бизларга берган нажотидир. Бизлар учун қилган қурбонлиги. Чунки ҳаётимиз калити айнан Масиҳнинг қўлидадир. Келинг, бугунги ибодатни айнан мана шу ҳақиқат билан белимизни боғлаб олиш учун ибодат қилсак. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки биргаликда қилинган ибодат катта куч қудратга эгадир.

Худойим, Осмондаги севикли Отамиз, Сенга ибодат қила олишимиз ажойиб мўжизадек. Чунки биз Сенинг оиланга мансубмиз, Сен бизни фарзандинг қилиб оила аъзаларинга айлантирдинг. Берган нажотинг ва қилган қурбонлигинг учун шукр айтамиз. Худойим, шундай экан, демак биз энди гуноҳнинг қули эмасмиз, чунки биз бу дунёга эмас, аксинча, Сенга тегишлимиз. Шундай экан, биз энди бу дунёдан озодмиз, ёвуз хоким бизга энди хоким эмас. Каломингни бизга ўргат. У ердаги ҳар бир ҳақиқатинг юрагимизга ёзилиб олсин. Сенинг Каломинга риоя этиб Сенинг ҳақиқий шогирдларинга айланайлик. Айнан Сенинг ҳақиқатинг бизни озод қилди. Айнан ҳақиқатинг бизни гуноҳ жаридан чиқариб олиб, унинг кишанларини бузиб ташлади. Худойим, шундай экан, хаётимиз бутунлай Сенга тегишли, фақат Сенинг бағрингда биз озодмиз.

Худойим, бизга ҳақиқатинга асосланган эркин юракни бергин. Биз унинг ёрдамида эркин ва руҳан озод ҳаёт кечирайлик. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик ҳақиқатинг доим бизларнинг ҳамроҳларимиз бўлсин. Сенинг ҳақиқатинг доим йўлдошимиз бўлиб йўлларимизни ёритиб турсин. Сен, озодлик ва севги Худосисан. Сенинг ажойиб севгинг доим бизлар билан бирга бўлсин Отажон. Муқаддас номинг сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top