3:56

Азоб чекишни хато тушуниш 1 қисм

MP3

Дунёда қайғу алам чекасизлар; лекин дадил бўлинглар. Мен дунёни енгдим (Юҳ. 16:33). Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Масиҳий бўлиш ажойибдир, лекин бу ажойибликни дунё афсус кўра олмайди. Қуйидаги дастуримиз, “Охиригача тура олиш” деб номаланади. Ҳар бир масиҳий бир кун эмас бир кун, қувғинга, ёки имони билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келиши табиийдир. Чунки, қул ўз хўжайинидан устун бўлмас. Раббимизни қувғин қилишган экан, демак, биз ҳам шунга доим тайёр бўлишимиз керак. Қувғин ва унга боғлиқ бўлган азоб–уқубатлар мавзусига ўтишдан олдин, масиҳйлар орасида бу масалани тушунишда ҳали ҳам йўл қўйилаётган ва кенг тарқалган хатоларни аниқлаб олишимиз даркор.

Азоб–уқубат — доимо ҳам гуноҳ учун жазо бўлавермайди. Кўпгина одамлар азоб–уқубат доимо қандайдир бир гуноҳнинг оқибати деб ўйлайдилар. Шу тарзда улар азоб–уқубат хоҳ муқаддас, хоҳ гуноҳкор бўлсин, ҳар бир одам ҳаётининг ажралмас қисми эканлигини билиб туриб билмасликка оладилар. Шунга қарамай, айни бир вақтда адолат борасида тегишлисини олиш ҳақида Инжил таълимоти мутлақо ҳақдир, чунки одам экканини ўради ва кулфат ҳақиқатан ҳам гуноҳнинг табиий оқибати сифатида келиши мумкин. Бундан ташқари, Худо Ўзидан узоқлашиб кетган фарзандини яна жалб қилиш учун азоб–уқубатга йўл қўйиб бериши мумкин.

Бироқ, имонли одам ўзини алдамаса, у ўз азоб–уқубати гуноҳ оқибатими ёки “Исодаги солиҳ ҳаёти” натижасими, ё бўлмаса, бу дунёдаги табиий ҳолат эканлигини билади. Албатта, агар имонли бошидан ўтқазаётган азоб–уқубатлар ниманинг оқибати эканини билса, унда бу ҳақда бошқа ҳеч ким ҳукм қила олмайди.

Аюб Китобида ўз солиҳлигига қарамасдан азоб чеккан одамнинг яққол намунаси кўрсатилган ва дўстлари бу вазиятни умуман нотўғри баҳолашди. Ҳаётимизга турли кулфатлар келганда, агар бу қилинган хатоларимизга Худонинг жазоси эмаслигига амин бўлсак, биз уларни бошдан ўтказишимиз осон кечади. Юҳаннонинг биринчи мактубида айтилади (3:18–21): “Эй фарзандларим, биз сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва ҳақиқатда севишимиз лозим. Шу тариқа биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз ва Худо олдида кўнглимиз хотиржам бўлади. Агарда кўнглимиз бизни айбласа, Худо кўнглимиздан улуғ эканини биламиз. Чунки У ҳамма нарсани аниқ билади. Эй, маҳбубларим! Агар виждонимиз бизни қийнамаса, Худо олдида дадил бўламиз”. Азият чекувчилар қайғуриши ва ҳасрат чекиши мумкин. Имонлилар азоб–уқубат келганда қайғуриши ва ҳасрат чекиши ярамайди деган фикрни миямиздан чиқариб ташлашимиз лозим. «Имонлилар юзидан доимо хурсандчилик нурлари сочилиб туриши керак» — деган фикр Инжилга асосланмаган. Исо дўсти Лазар ўлганда йиғлаган, балким, Лазарнинг ўзидан кўра Мария ва Марфанинг дардига кўпроқ ҳамдард бўлгандир. Павлус бизга “йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар” деб буюради (Рим. 12:15), Бутрус васвасалар ғам–қайғу келтиришини тан олади (қ. 1–Бут. 1:6), лекин шу заҳотиёқ имонлиларни азоб–уқубатларга қарамай қувонишга чақиради, чунки Исо учун азоб чекиш бу улуғ имтиёздир (қ. 1–Бут. 3:12–19). Биз бошимиздан кечираётган оғриқни бундай ички қувонч доимо сусайтира олишга қодир деб ўйламаслик керак. Азизлар, афсус, бугунги дастуримиз ўз ниҳоясига етди. Бордию сизда ҳам, бирон бир қизиқарли хикоя бўлса, бизнинг www.najot.com сайтига кириб “Гувоҳликлар” бўлимида ҳабар қолдиринг. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз севгиси барчангизга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top