2:49

Аёл териси

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Биз аввалги суҳбатларимиздан бирида косметик воситалари ҳақида суҳбатлашганмиз. Ҳар биримиз теримизнинг турига қараб, қандай косметик воситалар ишлатишни жуда яхши биламиз. Теримиз силлиқ ва ёш ҳолда бўлиши учун, турли маскалардан ва кремлардан фойдаланамиз. Теримизга эътибор қилиш билан бирга унинг ўзи аслида нима эканини билиб олсак, теримизни ёш ва соғлом кўринишига ёрдамлашадиган баъзи бир маълумотларни билиб олган бўламиз. Тери инсон танасининг табиат томонидан берилган либосидир. Биз уни қанчалик яхши ва кўп парвариш қилсак, у узоқ вақт мафтункор бўлиб қолади.

Ташқи кўриниш, аёл кишининг ташриф қоғози кабидир. Юзимиз ҳар доим очиқ бўлади. Шунинг учун ҳам у қуёш, шамол, совуқ таъсирларини тўғридан тўғри қабул қилади. Бизнинг ҳар бир ҳиссиётимиз; кулгуларимиз, кўз ёшларимиз, хурсандчилигимиз ва ғамимиз юзимизда ўз изини қолдиради. Касалликлар, нотўғри овқатланиш, ва салбий одатларнинг таъсири ҳам дарров юзимиздан билинади. Тери инсон организми ҳолатини ўзида акс эттиради. Ички ҳасталиклар унинг рангига, унда доғлар пайдо бўлишига ёки турли тошмаларга сабаб бўлиши мумкин. Ўзида шундай ўзгаришларни сезган аёллар шифокор кўригидан ўтишлари лозим.

Тери уч қаватдан иборат бўлади. Ташқи қаватни мутаҳасислар – эпидрмис – деб атайди. Эпидермис бу энг нозик ва юпқа қават ҳисобланади. У вақти-вақти билан алмашиб турадиган тўқималардан иборат. Бу тўқималар ҳимоя вазифасини ўтайди. Ëшимиз улғайгани сари тўқималар янгиланиши секинлашади. Натижада эса терининг озиқланиш ва нафас олиш иши бузилади. Шунинг учун ҳам биз аёллар теримизга бу борада ёрдам беришимиз керак. Ўттиз – ўттиз беш ёшдан ошган аёллар ҳафтада бир-икки марта скраблардан фойдаланиб туришлари лозим. Скраблар терининг ўлган тўқималарини тушириб, унинг яхши нафас олишига ва озиқланишига ёрдам беради. Скрабдан кейин албатта терини озиқлантирадиган бирор бир крем суриш шарт.

Эпидермис тагидаги тери қавати эса – дерма – деб аталади. Дерма коллагенлардан ва эластик толалардан иборат. Айнан мана шу ерда илк ўсмирлик ҳуснбузарлари дунёга келади. Илк ажинларнинг пайдо бўлиши ҳам мана шу қаватга боғлиқ.

Учинчи қават эса – гиподерма – деб аталади. Бу тери ости тўқима қавати ҳисобланади. Терининг асосий вазифаси – ҳимоя қилиш. Ташқи қават қон томирларини ва нерв толларини ҳимоя қилади. Терининг бошқа бир вазифаси – тозалаш. Моддалар алмашинувида чиқитга чиқарилган баъзи токсинлар тер билан бирга теримиз орқали чиқиб кетади. Ундан ташқари теримиз нафас олиш органи ҳам ҳисобланади. Теримиз бир сутга давомида 1 фоиз кислород қабул қилиб, 2 фоиз углекис газини чиқариб юборади.

Ва, ниҳоят теримиз баъзи моддаларни жуда яхши қабул қилади. Мана шу фактга асосоланиб, дунёнинг энг кўзга кўринган косметика ишлаб чиқарадиган корхоналар бир-биридан ажойиб, косметик воситаларини биз аёлларга тақдим этишади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top