3:02

Ҳар доим ҳам гуноҳни енга олмайман

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Опалар сингиллар мен Лола сизлар билан яна дийдорлашиб турганим учун Худога шукроналар айтаман. Агар чиндан ҳам Худо йўлида яшашни истайдиган аёл бўлсангиз, гуноҳ мавзуси сиз учун энг муаммоли эканига шубҳам йўқ. Мен учун ҳам шундай. Айни шу кунларда ҳам гуноҳ билан курашиб юрибман. Ҳар бир имонли аёл ўз тажрибаларидан мана бу аёл нималарни ҳис қилаётганини тушунса керак.

«Ҳаётимда шунчалар гуноҳ кўпки! Бу гуноҳлар билан қандай озод бўлишим мумкин? Бунинг иложи бўлмаса керак. Мен гуноҳлардан озод бўлишга қанчалик ҳаракат қилмай, улар менинг танам орқали мени бошқараяпди. Мен ҳар сафар бир хил гуноҳ қилгач, яна ва яна Худонинг олдига кечирим сўраб келишга уяламан. Ҳар сафар яна ўша гуноҳни қилганимни Худога тўкиб солиб, Ундан кечирим сўраб бўлгач, бу гуноҳимни енгиш аввалгидан ҳам қийин бўлиб қолгандек туюла бошлайди. Ëлғондан қандай озод бўламан? Ўзгаришни истайман!» Бу аёлнинг дардларини тинглаб ҳаворий Павлуснинг қалб сўзлари ёдимга тушди:

«Мен бундан ушбу қоидани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради. Худонинг Қонунидан ички борлиғим завқ олади-ю, аммо аъзойи баданимда бошқа бир қонун иш кўради: бу қонун онгим маъқуллаган Худо Қонунига қарши курашиб туради ва аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қонунига мени асир этади. Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан? » Кўпгина аёллар: «Ҳар доим ҳам гуноҳни енга олмайман» деган ёлғонга ишонишади. Бундан англашиладики, шайтон имонлиларни озодликдан маҳрум қилиш учун мана шу ёлғонни ишлатади. Муқаддас Каломда ёзилишича Худонинг ҳар бир фарзанди янги табиатга эга.

Бу табиат Худога итоат қилишни истайди. Ҳар бир имонлининг қалбида Худога маъқул ҳаёт кечириш истаги бор. Бироқ юқоридан туғилганимиздан кейин ҳам эски табиатимиз ичимиздаги Муқаддас Руҳга қарши иш кўришда давом этади. Муқаддас Руҳ сени ҳафа қилганларни кечир, дейди. Танамиз эса: «Кечирма» дейди. Муқаддас Руҳ: «Тилингни тий. Сен айтмоқчи бўлган сўзлар қаттиқ ва кераксиз», дейди. Тана эса: «Ҳаммасини борича айт», дейди. Муқаддас Руҳ: «Ҳозироқ Китоб ўқиб, ибодат қил», дейди. Тана эса: «Бугун жуда чарчадинг, бироз дам олиб, телевизор кўр», дейди. Бу мисоллар сизга танишми? Танамизнинг фойдасига қарор чиқарганимизда, гуноҳ бизнинг устимиздан ҳукмронлик қилишига йўл қўйган бўламиз.

Бошқа томондан эса ҳар сафар Муқаддас Руҳга «хўп» деб жавоб берганимизда ҳаётимиз устидан ҳукмронлик қилишига кўпроқ имкон берамиз. Аксинча ҳар сафар тнаамизга ён бериб, Худога итоатсизлик қилсак, бир қилган гуноҳимиз охир оқибат одатга айланиб қолади. Шундан кейин шайтон, бу гуноҳни энди енгишнинг иложи йўқ, деб бизни ишонтиришга уринади. Агар шунга ишониб қолсак, бу фикрлар ҳаётимизни бошқаради. Агар биз гуноҳни енгишимизга ишонсак, албатта енгамиз. Гуноҳдан озод бўлишимизда бизга ҳақиқат ёрдам беради. Суҳбатимизни бир ҳақиқат билан ниҳоясига етказмоқчиман:

«Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди».

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top