2:56

Боланинг пул ўғирлаши

MP3

Ассалому алайкум, доно опа-сингиллар. Буюклардан бири айтган экан: «Инсонлар молиявий мураккабликлардан шикоят қилишади. Бунинг энг асосий сабаби уларнинг болалигида пул ҳақида яхшироқ билиб олмаганларида. Шунинг учун ҳам улар фақат пул топишга ишлашади-ю, пулни ўзи учун хизмат қилдиролмайди…» Демак, ҳамма гап пулга муносабатни болалигиданоқ шакллантиришда экан-да?! Хўш, бу борада болага қай йўсинда тарбия бериш керак? Баъзи болалар уйдан сўрамай пул олишни ўғрилик деб ҳисоблашмайди. У ёки бу ерда турган пулни олсам ҳеч нарса қилмайди – деб ўйлашади. Бу иллат томир отиб кетмаслиги учун ота-она болага пул ҳақида тўғри маълумот беришлари керак. Тарбиядаги хатолар боланинг ўғрилик қилишига туртки бўлиши мумкин.

Боласи уйдан пул ўғрилаётганини билган ота-она баъзи вазиятларда болани жазолашади, бошқа пайтда унинг айбига «кўз юмишади», жазолашни айтиб тахдид қилишади-ю, жазолашмайди. Бу ҳолат боланинг қилган ёмон ишига жиддий қарамаслигига сабаб бўлади. Бола ўз хатосини тўғри англай олмаслигига ота-она талабларининг бир-бирига зидлиги ҳам сабаб бўлади. Масалан отанинг талаби онаникига тўғри келмайди. Онаники эса отаникига. Ота рухсат беради, она таъқиқлайди. Бу ҳолатда бола нима қилишни ҳам билмай қолади. Оқибатда эса фақат ўзи билганини қилади. Бола ота-онанинг кўзгуси дейишади. Бу гап тўғри. Агар ота-оналар «бировнинг нарсасини олиш мумкин эмас»лигини уқтирса-ю, ўзлари бунга амал қилмаса, устига-устак буни боланинг ёнида муҳокама қилса, у ота-онасидан ўрнак олади.

Баъзи ота-оналар ишга шунчалик шўнғиб кетишганидан, болаларига эътибор қилишга, унинг ҳатти-ҳаракатини кузатишга, етарлича вақт ажратишга қийналишади. Баъзи болалар ота-оналарининг эътиборини қаратиш учун ҳам шундай ёмон ишларга қўл уришлари мумкин.

Болангиз пул ўғирлаётганига шубҳа қилсангиз, бунинг учун пулни айнан у олганига ишонч ҳосил қилишингиз керак. Болангиз ўғриламаган бўлса, сизнинг ноҳақ айблашингиз болангизнинг қалбини жароҳатлайди. Фарзандингизда клепотомания – ўғриликка мойилликдан иборат руҳий касаллик пайдо бўлишига имкон бермаслик лозим. У ўғирлик қилганини эслай олмагани учун ҳам ёлғон гапирмаётган бўлиши мумкин. Кейин фарзандингиздан мулойимлик билан уни мактабда ёки кўчада ҳеч ким пул ўғирлашга мажбур қилмаётганини суриштиринг.

Фақат ўзингизни тергаётгандай тутманг. Бундай ҳолларда болага кўпроқ эътибор қаратиш, уни кузатиш керак бўлади. Тез-тез мактабига бориб, ўқитувчилари билан мулоқотда бўлинг, қизингизнинг тенгдошлари даврасида ўзини қандай тутишини кузатинг. Ўртоқлари орасида кимдир унга босим ўтказаётгандай туюлмаяптими ёки барчаси билан бир хил муносабатдами?

Бола айбини тан оламаса, пўписа қилманг. Унга нисбатан куч ишлатиш йўли билан «ўғри»лигини тан олдиришга уринмай, бу ишни қилган-қилмаганини очиқчасига сўранг. Бўлар-бўлмасга тергайверманг. Акс ҳолда у сиздан ҳамма нарсани сир тутадиган бўлиб қолади. Болангизга иложи борича кўпроқ вақт ажратинг. У сиздан керакли эътибор ва муҳаббатни олсин. Шунда барча муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top