3:25

Кексалик

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Узоқ яшаш истаги азал-азалдан мавжуд бўлиб, аждодларимиз бунга эришиш йўлларини тинмай излашган. Қадимда табиблару олимлар меъдани тозлаб туриш ва томирлардан қон олдиришни кўп яшаш омили деб ҳисоблаган бўлишса, баъзи бир алломалар масаланинг бошқа жиҳатларига эътибор қаратишган. Швед олими физиолог Галлернинг таъкидлашича, юз йилдан кўпроқ яшаш аслида наслга боғлиқ экан. Ривожланган мамлакатларнинг таниқли мутахассислари узоқ яшашнинг сири мунтазам ҳаракатда бўлиш билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлашади. Фаранг файласуфи Жан Жак Руссо шундай ёзган: «Яёв юриш мени тирилтиради, илҳомлантиради, бардам қилади, кайфиятимни кўтаради. Ҳаракат қилмасам, ҳатто, фикрлай олмайман. Биламанки жисмим ҳаракатланса, онгим ҳам ҳаракатланади».

Narrator 2 Чиндан ҳам ҳаракат бўлмаса ҳаёт тўхтайди. Ўрта ёшдан ўтган кишилар ўз афт-ангори, руҳияти ҳамда вужудидаги турли ўзгаришлар туфайли баъзида кўнгли чўкади. «Мен қарияпман» дея ташвишланадилар. Аслида эса одам 50 ёшдан кейин кексалик томон дастлабки қадамларини қўя бошлайди. Бу вақтга келиб танадаги барча аъзоларда бир қанча патологик ҳолатлар кузатилади. Гапнинг индаллосини айтганда, беш-олтита ва ундан кўпроқ касалликлар организмда худди «гулдаста» каби жамланади. Бунинг устига кексалик остонасида одам кўп асабийлашади, баъзилари кашандалик ва ичкиликка ружу қўйиб, ўз-ўзини заҳарлайди. Бир файласуф кексаликни улкан муз бўлаги – айсбергга ўхшатади. «Ёш ўтиши билан юзага келаётган бир тўда касалликларга қанчалик бепарво қарасангиз, улкан айсберг томон шунчалик яқинлаша борасиз», дея ёзади у.

Narrator 1 Хўш, ўзимизни «айсберг»га бориб урилишдан сақлаш учун нима қилишимиз керак? Танамизда қаришга сабаб бўладиган эркин радикаллар мавжуд. Уларнинг кушандалари эса витамин А, Е ва Слардир. Шунинг учун ҳам эркин радикалларнинг кушандаси бўлмиш витаминларга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилган маъқул. Чунки витамин А етишмаса, тери қуруқлашиб, кўзлар хиралашади, тирноқлар мўртлашади, соч оқариб, умумий дармонсизлик бошланади. Гўшт, балиқ, мол жигари, тухум сариғи, сут, мева-сабзавотларда витамин А кўп бўлади. Витамин Е танқислигида жинсий гормонлар фаоллиги пасаяди, жинсий фаолият издан чиқади, организмда барвақт қариш рўй беради. Е витамини ёнғоқда, гўштда, мол ва қўй жигарларида ҳамда куртакланган донларда сероб.

Narrator 2 Витамин С етишмаганда лаблар кўкаради, буйрак иши ёмонлашади, терига қон қуйилиши рўй беради. Бу витамин карам, помидор, сабзи, наъматак ва ҳўл меваларда учрайди. Сиз 60 ёшдамисиз? У ҳолда ҳаётингизни янгидан бошланг. Аниқ фикрлаб олдингизга мақсад қўйинг. Сўнг шу мақсадингиз йўлида ҳаракат қилинг. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, олий маълумот олган, тамаки чекмаган, паст калорияли таомлар билан овқатланган, мунтазам спорт билан шуғулланган, шунингдек, мия фаолиятини кунига кроссвордлар ечиш орқали ривожлантирган кексалар узоқ яшаб, тетикликни сақлаб қолишган. Хуллас, ақлий тетиклик, тана тетиклигининг асосий сабаби экан. Кейинги суҳбатларимиз сизни бугунгисидан ҳам кўпроқ қизиқтиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top