3:18

Танамизни ўрганамиз

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон ўз танаси қандай ишлашини яхши билса, унга зиён келтирмасликка ҳаракат қилади. Энг муҳими танадаги баъзи касалликларнинг қаердан келиб чиқишини билиб олиб, унинг олдини олишга ҳаракат қилади. Бугунги суҳбатимиз давомида танамиз қандай ишлашини билиб олишга ҳаракат қиламиз. Қадимги Юнонистон донишмандларининг фикрича, руҳ ҳолати тана саломатлигига таъсир кўрсатади. Натижада ички руҳий тартибсиз одам салбий ҳиссиётларга қарши курашолмайди ва бир кунмас бир кун, албатта ҳасталанади. Бугунги шиддат билан одимлаётган ҳаёт тарзимизда, истаймизми йўқми, шубҳасиз стрессли ҳолатларга тушамиз. Вақтингиз тиғиз, бироқ сиз буюртма қилган нарса тайёр эмас. Ë бўлмаса шошиб ишга кетаяпсиз, машинангиз бузилиб қолди, ишхонада эса сизни кутишяпти.

Narrator 2 Стресслар, тушкун кайфият, энг аввало қон томирларимизга таъсир ўтказар экан. Йиригидан тортиб майда томирларгача салбий таъсир кўрсатаркан. Улар торайиш ва кенгайиш ҳусусиятига эга. Шунда занжирли акс таъсир ишга тушади. Қон билан таъминлаш ёмонлашади, аъзоларга кислород, озиқ моддалар кам боради. Шикастланган ички секретсия безларида гормонлар ишлаб чиқариш бузилади. Саломатликка оид муаммолар юмалоқланган қор сингари катталашиб бораверади. Агар нохуш туйғу ёки асаб бузилиши бир марта содир бўлганида эди, организм қайта тикланишга улгурарди. Бироқ инсон ўзи билмаган ҳолда ҳаёт ташвишлари ва муаммоларини юрагига яқин олиб, мунтазам равишда стресс ва тушкун ҳолатга тушади. Шунинг учун касалликлар зўрайгандан зўрайиб, охири, сурункали тус олади.

Narrator 1 Худованд бизга сўзлаш инъомини берган. Уларни бебаҳо дурларга қиёслаш мумкин. Ширин сўз жон озиғи, деб бекорга айтишмаган кўринади. Чиндан ҳам ширин сўз танани яйратади. У ҳаммага бирдек ёқади, шу жумладан инсоннинг ўзига ҳам. Сўзлар ёрдамида ифодаланган фикр моддийлашади. Ота-боболаримиз бундан хабардор бўлишган. Шунинг учун ҳам сўзнинг куч-қудратига катта аҳамият беришган. Агар ҳамма ишларингиз жойида бўлса-ю, лекин ҳаётдан тинимсиз нолийверсангиз, бир кун келиб ҳақиқий кўнгилсизликни орттириб оласиз. Бу касаллик тўғрисидаги гап-сўзларга ҳам тегишли. Биз нима учун ўз-ўзимизга дард орттириб олишимиз керак? Маслаҳатимиз «ҳеч қачон» деб бошланувчи оддий қоидаларга амал қилинг.

Narrator 2 Масалан: ҳеч қачон ўрни келса-келмаса, ҳар жойда ўз касалликларингиз ҳақида гапираверманг. Айниқса, овқатланаётганда ёки оилавий шодиёна пайтида. Дардингизни фақат шифокорга айтинг. Ҳеч қачон ўзгаларнинг раҳмини келтириш учун соғлиғингиздан нолиманг. Ҳеч қачон ўзингизда ҳар хил касалликларни ўйлаб топманг. Ҳеч қачон бошқаларга ёмонлик тиламанг. Айтган сўзларингиз эртами-кечми, албатта, ўзингизга қайтиб келади. Ҳеч қачон одамларнинг касаллигини айтиб камситманг. Ëрдам беришни истасангиз – унда яхши маслаҳатларингизни дариғ тутманг. Азиз тингловчи, ҳар кун айтаётган сўзларингиз ўзингизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши мумкинлиги ёдингизда бўлсин. Соғлиғингиз ҳақида ўйласангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга керакли маълумотларни беришга тайёр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top