3:10

Янний ва Ямбрий

MP3

Narrator 1 Ассаому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун жуда қадимда Миср фиръавни саройида хизмат қилган икки киши Янний билан Ямбрий ҳақида суҳбатлашишни маъқул топдик. Муқаддас Каломда исмлари ёзилган икки шахс қандай одам экан? Келинг, уларнинг иши ва ҳаёти қандай бўлганини Муқаддас Каломдан билиб оламиз. Каломда улар ҳақида шундай ёзилган: «Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бордилар. Эгамиз амр этганидай иш тутдилар: Ҳорун таёғини фиръавн ва унинг аъёнлари олдига ташлаган эди, таёқ ўша заҳоти илонга айланиб қолди. Шунда фиръавн ҳам ўзининг сеҳргарларини – донишмандларини ва фолбинларини чақирди. Миср сеҳргарлари сеҳр-жодуларини ишлатиб, ўшанақа мўъжиза кўрсатдилар.

Narrator 2 Ҳар бири таёғини ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Ҳоруннинг илони Миср сеҳргарларининг илонларини ютиб юборди.» (Чиқ 7:10-12) Бу Мисрлик сеҳргарларнинг исми Янний ва Ямбрий эди. Улар Каломда айтилишича, ўша замонда мисрликлар учун донишманд ва фолбин ҳам ҳисобланган. Улар сеҳргар бўлганлари, бошқалардан ажралиб турганлари учун ҳам, уларнинг сўзлари доно ҳисобланган бўлса керак. Худо қатъиян маън этган қандай иш бўлса, улар ўша ишларнинг бари билан шуғулланишган. Бир вақтнинг ўзида улар ҳам сеҳр-жоду ишлатишган, ҳам фолбинлик қилишган. Фиръавн улардан ўз халқини, атрофидаги бошқа халқларни ва қулларини қўрқитиш учун фойдаланган. Кези келганда фиръавн ва бошқа сарой аъзолари уларга фол очтириб, тақдирлари қандай кечишини билмоқчи бўлишгани аниқ.

Narrator 1 Улар саройда алоҳида ўрин тутишган. Шунинг учун ҳам фиръавн уларга донишманд мақомини берган. Улар ўта кеккайган, худобеҳабар кишилар эди. Шунинг учун ҳам Мусо билан Ҳоруннинг сўзларига қарши чиқиб, ўзларининг улардан кам эмаслигини сеҳр-жодуси билан кўрсатиб қўйишди. Аммо биринчи сеҳрдаёқ, Мусо билан Ҳоруннинг илони уларнинг илонларини ютиб юборди. Кейинроқ улар бошқа бир сеҳрни ишлатдилар. «Ҳорун фиръавн ва унинг аъёнлари кўзи олдида таёғини кўтариб дарё сувига урган эди, шу заҳоти дарё суви қонга айланиб қолди. Дарёдаги балиқлар нобуд бўлиб, дарё суви сасиб кетди.» (Чиқ 7:20-21). Миср сеҳргарлари Янний билан Ямбрий ҳам худди шундай қилдилар. Улар ўзларининг аҳмоқона ишлари билан дарё сувини яна ҳам ифлослантиришди.

Narrator 2 Каломда ёзилишича, улар Мусо билан Ҳорун қилган баъзи мўъжизаларни қилишган, аммо улардан қутулиш чорасини билишмаган. Худо юбораётган офатни қайтара олишмаган. Кейинги сафар Худованд Ҳорун ва Мусо орқали ердаги чангни бургага айлантирганида, сеҳргарлар бундай қила олмадилар. Шундан кейингина бу Худонинг иши эканини тан олдилар. Улар фиръавнга: «Бу Худонинг иши», дейишди. Улар бўлаётган офатларнинг ҳаммаси Худонинг иши эканлигини англаб турган бўлсалар-да, фиръавнни фикридан қайтаришга уринишмади. Улар ҳам қуллари бўлган Исроил халқининг чиқиб кетишларини исташмасди. Каломда яна шундай ёзилган: «Аммо улар яна муваффақият қозона олмайдилар, чунки Янний ва Ямбрийнинг ақлсизлиги маълум бўлганидек, буларнинг ҳам ақлсизлиги ҳаммага маълум бўлади» (2 Тим 3:9).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top