Narrator Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Тарихга назар солсангиз, бир шоҳлик бошқа бир шоҳликка тез-тез уруш эълон қилиб келган. Ҳар доим шоҳликлар бир-бирларининг ерларини босиб олиб, давлати чегараларини кенгайтириш, кучларини мустаҳкамлаш ва ер юзида кучли ва қудратли давлатлардан бирига айланишни ният қилган. Бу билан улар ўзларини бошқа кучлироқ халқлардан ҳимоялашни ўйлаганлар. Қадимда бир-биридан гўзал ва бир-биридан ўтадиган даражада кучли давлатлар жуда кўп бўлган. Бугун археолог олимларимиз ва қадимшунос мутахассислар милоддан аввалги даврларда гуллаб яшнаган ва метрополис шаҳар бўлган бир нечта шаҳар ва давлатларнинг қолдиқларини топишмоқда. Шундай шаҳарлардан бири Бобил шаҳридир. Бобил шоҳлари ерларини кенгайтириб, Бобил Империясига асос солишган.
Narrator 2 Чиндан ҳам Мисрнинг қудрати ва шон-шуҳрати сўна бошлагач, тарихда катта ва қудратли империя сифатида юзага чиқди. Мана шу империя Яҳудияга ва Исроил давлатига ҳам хавф солди. Бугунги суҳбатимиз мана шу ҳақида. Бобилликлар башоратда айтилганидек, Яҳудога бостириб кириб, шоҳ Зидқиёни ва унинг одамларини тутиб олишди. Шаҳарни вайронага айлантиришди. Қаршилик қилганларни ўлдириб, қолганларни Бобилга асир қилиб олиб кетишди. Кетар чоғида қолган вайроналарга бош бўлиши учун Гедалиё деган кишини шоҳ этиб тайинлашди. Гедалиё Аҳикам деган кишининг ўғли бўлиб, вайрон этилган ва очиқ қолдирилган шаҳарни тиклашни бошлади.Унинг шоҳлар авлодидан ёки бегона экани Каломда ёзилмаган. У Қуддусда эмас Мизпаҳ деган шаҳарда туриб, шоҳлик қилган.
Narrator 1 Хуллас, у камтарлик билан қолган яҳудий халқига бошчилик қила бошлади. Унинг шоҳлик қилишда ҳали тажрибаси йўқ эди. У халққа экин-тикин қилишни, ҳосил йиғиб олишни ва яшашда давом этишни буюрди. Ўша йили халқ жуда кўп ҳосил олди. У ўз халқига шундай деди: «Бобилликларга хизмат қилишдан қўрқманг. Шу ерга ўрнашиб олиб, яшашда давом этинг ва Бобил шоҳига хизмат қилинг, шунда ҳаётингиз яхши бўлади.» Ўша йили бошқа юртларга, Моабга, Аммонга Эдомга ва бошқа ерларга тарқалиб кетган яҳудийлар яна қайтиб келишди. Улар Мизпаҳга келиб ўрнашиб, ўша ерда деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишди. Агар бошқа ерларга қочиб кетган яҳудийларни ҳам ўз давлатига йиға олган бўлса, демак давлатни бошқариш сиёсатини ёмон билмаган.
Narrator 2 Бироқ ҳамма замонларда бўлгани каби, Гадалиёнинг ҳам ўлимини истаганлар бор эди. Бу Оммонийлар шоҳи Баалис эди. У ўзининг одамларидан бири бўлган Исмоилни Гедалиёни ўлдиришга юборган эди. Уни элчи ёки бўлмаса меҳмон сифатида юборгани аниқ. Чунки Каломда Гедалиё ундан шубҳа қилмай, биргаликда тинч яшашни ва Бобил шоҳига хизмат қилишни маслаҳат бергани ёзилган. Исмоилнинг ёвуз ниятини аскарлар бошлиғи Йўнатан билиб қолиб, бу ҳақида шоҳга айтади. Бироқ Гедалиё унинг сўзларини жиддий қабул қилмайди. Бу эса унинг ўта содда ва ҳали шоҳлик қилишда тажрибаси етарли бўлмаганини билдиради. Акс ҳолда бошқа шоҳларга ўхшаб ўзини ҳимоя қила олган бўларди.