2:50

Улуғлаш

MP3

Ассалому алайкум. Биз Худони улуғлаш ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Улуғлаш – нима дегани? Биз Худони улуғлаганимизда Унинг сифатларига, қудратига ва мўжизали ишларига диққатимизни қаратамиз. У фақат улуғворликни қабул қилади, деб ўйласак адашамиз. Худованд улуғворлик қабул қилиш билан бирга бошқаларни улуғлайди ҳам. Масалан, Муқаддас Каломда Худованд Ўз Ўғли Исо Масиҳни улуғлагани, Унинг учун қурилган маъбадни ва Ўз халқини улуғлагани ҳақида ёзилган. Худованд биз аёлларни ҳам улуғлайдими, деган савол туғилиши мумкин. Албатта улуғлайди. Худованд бирор кимни ёки нарсани улуғлар экан, энг оддий нарсадан бошлайди. Худованд бир жойни назарига олиб, уни муқаддас қилмагунча ўша жой бошқа жойлардан ҳеч нимаси билан фарқ қилмайди.

Аёл ҳам шундай, Худованд уни танлаб, муқаддас қилади. Уни ўзиники деб атайди. Бизлар оддий аёл бўлсак ҳам танланганмиз. Кўринишимиз оддий бўлса ҳам илоҳий Зот назарига тушганмиз. Ташқаридан биз бошқалардан фарқ қилмаймиз, аммо руҳан солиҳликка бурканганмиз, муқаддаслик рўмолини ўраганмиз. Худованд бизга руҳий инъомларни ато этган. Шу йўл билан у бизни улуғлайди.

Худованд кимнидир ёки ниманидир шунчаки улуғламайди. У улуғлар экан, бунинг ортида сабаб ётади. Исо Масиҳ Юҳанно 17 боб 1 оятда бунинг сабабини айтади: «Эй Ота! Вақт соати келди. Ўғлинг Сени улуғлаши учун Сен ҳам Ўз Ўғлингни улуғлагин» (Юҳ 17:1). Биз улуғлаш ва улуғворлик қабул қилиш ҳақида кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Аммо бунинг учун биринчи ўринда улуғворликнинг тўғри манбаини топишимиз керак.

Ибронийлар китобида улуғворлик ҳақида яна бир нарса айтилган: «Шунга ўхшаб, Масиҳ ҳам олийруҳонийлик шарафини ўзлаштириб олмади, балки Худо Унга: «Сен Менинг Ўғлимсан, Сени бугун таваллуд эттирдим»-деб, Уни улуғликка сазовор қилди» (Ибр 5:5). Исо Масиҳ Худовандга тегишли улуғворликни ўзлаштириб олмади, аксинча Худованд Уни улуғлашини кутди. Биз ҳам шундай қилишимиз керак. Худовандга тегишли улуғворликни ўзлаштирмай, уни Худовандга берсак, Худованд ҳам бизни улуғлайди.

Худованд Ўз яратганларини улуғлайди. Забур китобида улуғлаш ҳақида жуда кўп ёзилган: «Худованд олдида тинчлан, қалбим менинг, фақат Ундандир менинг умидим. Ўзидир суянчиғим, нажоткорим. Мустаҳкам қалъам менинг, мен тебранмасман ҳеч қачон» (Заб 61:7).

Худованд чиндан ҳам улуғворликка лойиқ. У бизнинг, Ўз ҳалқининг улуғлашига лойиқ. Шундай бўлса ҳам, У Ўз ҳалқини, танлаганларини улуғлашни унутмайди. Худованд назарига тушган оддий нарса ғайриоддий бир нарсага айланади. Худованд кимгадир Муқаддас Руҳи билан текканида, Уни танлаганида, ўша кишининг ҳаёти оддийликдан ғайри оддийликка ўзгаради. Матто китобида бу ҳақида шундай дейилган: «Исо унинг қўлига тегиши билан иситмаси тушди. Аёл эса туриб, Унга хизмат қила бошлади» (Мат 8:15). «У энгашиб, тобутга қўл тегизди. … ўшанда ўлик ростланиб ўтирди-да, гапира бошлади. Исо уни онасига топширди» (Лука 7:14).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top