2:36

Қайси вақт маъқул?

MP3

«Бироқ вақт-соати билан ҳақиқий топинувчилар Отага Руҳ ва ҳақиқат билан топинадилар, ана ўша вақт-соат келди!» (Юҳ 4:23).

Ассалому алайкум. Жуда кўпчилигимиз бу дунёда Худога улуғворлик келтириш учун яшаётганимизни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Бу ҳатто бизга Худо томонидан берилган топшириқ эканини ҳам билмаймиз. Бир кун келиб бу ҳақида эшитиб қолсак, ҳайрон қоламиз. «Ие, бу ҳақида билмаган эканман. Буни ҳам режаларимга киритиб қўяман», — деймиз. Кундалик қиладиган ишларимиз режасини тузаётганимизда, Худони улуғлашга тегишли ҳеч қандай ишни режалаштирмаймиз. Ҳамма режаларимиз фақат ўзимизга, ҳаётимизга, муваффақиятга эришишимизга тегишли бўлади. Хўш, унда Худони улуғлаш қаерда қолади?! Худони улуғлашга ҳаётингизда вақт борми?

Бу ҳақида эшитгач, балки бошқа ишларингиз вақтидан бир неча минут тежаб, ўша минутларни Худованд учун сарфларсиз? Бу жуда ҳижолатли иш. Худонинг улуғворлигини ошириш учун яратилган эканмиз, нега асосий ишимиз Худони улуғлаш эмас, ўз-ўзимизни улуғлаш бўлади? Кун тартибимизни, ҳафталик ишларимизни шундай жойлаштириш керакки, асосий ишимиз, яъни биринчи қиладиган ишимиз Худони улуғлаш бўлсин. Баъзиларимиз эрта тонгдан Худони улуғлашни бошлаймиз, бошқалар эса ҳамма ишларини тугатиб бўлиб, кечқурун Худони улуғлашга вақт ажратади. Ҳамма ҳар хил. Сиз қайси тоифага кирасиз? Балки тонгда улуғлаш сизга ноқулайдир. Ундай бўлса кечқурун ётишдан олдин вақт сарфлаш ҳам мумкин. Нима деб ўйлайсиз? Худони улуғлашга энг маъқул вақт қачон?

Бу саволга Муқаддас Калом қандай жавоб бераркин? Ҳар доим руҳий ҳаётимизга доир бирор бир савол туғилса, энг тўғри ва яхши жавобни фақат Муқаддас Каломдан оламиз! Шунинг учун келинг, яна Каломга мурожаат қиламиз. «Шунинг учун ҳам шарқдан, денгиз ичра макон қилган ороллардан Худони улуғланг, исроилнинг Худоси Эгамиз номини шарафланг» (Ишаё 24:15). Худовандни улуғлаш учун маълум бир макон, вақт тайин қилинмаган. Қачон истасангиз, улуғлайверасиз.

Ишаё пайғамбар тонгни Худовандни улуғлаш билан бошлаган бўлса, Довуд пайғамбар Худони улуғлашни ундан ҳам эртароқ бошлаган. Унинг ҳаёти ва Забурлари ҳақида ўқиб, у Худовандни тонг отмасидан олдиноқ улуғлашни бошлаганини билишимиз мумкин.

Забур китоби орқали Довуд Худовандни қандай ва қай пайтда улуғлагани ҳақида билиб оламиз. Келинг, Забур китобидан бир парча ўқиймиз. «Юрагим шай, эй Худо, юрагим шайдир. Мен Сени куйлайман, тараннум этаман. Уйғонгин, эй руҳим! Уйғонинг, эй чанг ила ғижжак! Мен саҳарни уйғотиб юбораман» (Заб 56:8-9).

Худовандни севиб Ундан қўрқадиганлар Ундан завқланишга сабаб топадилар. «Ер юзи бурчакларида яшовчилар Сенинг ғаройиботларингни кўриб қўрқадилар. Сен кунчиқар ва кунботар ерларини ҳам Ўз шаънингга тараннум эттирасан» (Заб 64:9). Сиз ҳам Худони улуғлашни истасангиз, бунинг учун вақт ҳам сабаб ҳам топа оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top