2:55

Қўрқувни енгиш

MP3

Ассалому алайкум, қадрдонлар. Болалигида қоронғуликдан қўрқмаган инсон топилмаса керак. Баъзилар болалигида ўғрилар ўғрилаб кетишидан, ота-онаси ишдан кейин ушланиб қолса, энди улар келмайди, дея қўрқишган. Ëшлигида баъзи нарсалардан қўрққан болакайлар катта бўлиб ҳам қўрқувдан ҳалос бўлишмайди. Айтишларича, қўрқув – ўз жонини сақлашга интилиш инстинкти экан. Бироқ бу инстинкт яшашимизга ҳалал бериши мумкин. Дарҳақиқат, қўрқувлар кўп жиҳатдан ҳаётимизни асрашга ёрдам беради. Лекин ҳар нарсанинг ҳам меъёри бўлгани каби, қўрқувга ҳаддан ташқари берилувчанлик, уларга боғланиб қолиш ҳатти-ҳаракатимизни, турмуш тарзимизни, афсуски, яхши томонга ўзгартирмайди. Қўрқувни енгишга ёрдам берадиган бир талай фойдали машғулотлар бор.

Қўрқувимиз қаерда жойлашганини топишга уриниб кўриш лозим. Инсон қўрққанида бу қўрқувни тананинг қаеридадир ҳис қилади. Қўрққан пайтингизда унинг нимага ўхшашини тасаввур қилишга ҳаракат қилиб кўриш зарур. У шакл ҳам, жонсиз буюм ёки шунчаки қора энергия ҳам бўлиши мумкин. Руҳшунослар инсон қўрққан пайтида қўрқувни тасаввур қилиб, у билан гаплашишга ҳаракат қилиш керак экан. Қўрқадиган одам қўрқувни стул устига қўйиб унга бир нечта саволлар бериш мумкин. Саволларингизга жавобни миянгиздан изланг. Ҳаёлингизга келган биринчи жавоб тўғри ҳисобланар экан. Агар инсон ўз қўрқувини бегона нарса сифатида қабул қилишни ўрганиб олса, секин-аста ундан қутулиш мумкин.

Баъзиларни қўрқув насл суради, деган фикр қийнайди. Бу чиндан ҳам шундаймикан? Мутаҳассисларнинг фикрича, яқин қариндошлар орасида бундай боғлиқлик бўлади. Яъни уларда бир хил нарсадан қўрқиш каби ҳоллар учрайди. Лекин қўрқув генетик йўл билан ўтмасдан, балки тарбия жараёнида шаклланади: ота-она турли вазиятларда ўзининг кундалик ҳатти-ҳаракати, ваҳима ва хавотирлари билан болаларга ўрнак кўрсатишади. Кўпинча ўзимиз хавф-хатар бор деб, беихтиёр болани қўрқув билан «заҳарлаймиз»: «Яқинлашма – тушиб кетасан», «Силама – тишлаб олади», «Тегма – синиб қолади». Мурғак бола унга нима хавф солаётганини ҳали тушунмайди. Лекин хавотир нималигини ажрата олади, қўрқув ҳиссини сезиб туради. Агар болани нафақат реал хавф-хатарлар билан, балки бўлар-бўлмасга қўрқитаверсангиз, бу туйғу бутун умрга унинг йўлдошига айланиши мумкин.

Болаларини бўлар-бўлмасга айтганини қилдириш учун, ухлатиш учун қўрқитадиган ота-оналар ҳали ҳам учраб туради. Бироқ бу нарса боланинг қўрқоқ бўлиб қолишига сабаб бўлади. Сизни оилангизда ўрнашиб қолган «қўрқувлар занжири» ташвишлантиряпти. Эҳтимол, ўзгаришлар вақти-соати етганлиги тўғрисида ўйлаб кўрарсиз. Бунинг учун ота-она ўзгаришни ўзларидан бошлашларига тўғри келади. Агар йиллар давомида шаклланиб қолган қўрқув ҳиссини ўзгартиришга қийналсангиз, психотерапевт ёки психологга мурожаат қилиш мумкин. Улар сиздаги ёки болангиздаги ҳолатни аниқлаб, муаммони ҳал қилишингизга ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top