3:20

Тутунга айланаётган умр

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугунги суҳбатимиз чекишнинг сабаблари ва ундан қутулиш йўллари ҳақидадир. Буни эшитиб, чекувчилар «яна чекиш ҳақидами» деб энсасини қотираётган бўлиши мумкин. Бироқ соғлиқ кушандаси бўлган сигарета чекилар экан, унга қарши курашиш ҳам давом этаверади. Кашандаликка нафақат шахс, балки жамият муаммоси деб қараш мумкин. Чунки айни шу заҳри қотил сабаб минглаб носоғлом болалар дунёга келади. Миллионлаб кишилар ҳаётни эрта тарк этадилар. Фактларга кўра ўтган асрда кашандалик ва у билан боғлиқ хасталиклар боис 100млн. аҳоли дунёдан кўз юмган. Юқорида айтганимиздек, кашандаларнинг бунга «бу менинг шахсий ишим» дея лоқайтлик билан қараши мутлақо нотўғри. Чунки сиз қилаётган ишингиз билан атрофингиздагиларга ўрнак бўлаяпсиз.

Narrator 2 Сиз ва сиз каби чекувчиларнинг ҳатти-ҳаракати туфайли ҳали сигарета таркибида қандай заҳарли моддалар борлигини фаҳмламайдиган ёшларнинг бунга қизиқиши ортади. Уларнинг назарида чекиш соғлиқ учун зарар эмас, улар чекишни «ўзини тиклаб олган, ўзига ишонган кишининг одати» деб ўйлайди. Шу сабаб ҳам, ўзларини тезроқ катта бўлгандек, ўзига ишонгандек қилиб кўрсаткиси келади. Мутахассисларнинг фикрича, ўсмирнинг тамакига ўрганиб қолиши учун 7 дона сигарет кифоя экан. Кашандалик 20 ёшгача бўлган даврда «юқадиган» одат саналади. Агар бола 25 ёшгача чекмаса, кейинчалик уни оғзига ҳам олмаслиги мумкин. Яна уларнинг фикрича кашанда чекканида чиқарадиган тутун пассив чекувчи саналмиш бола организмида никотинга кўникма, кейинчлик эса эҳтиёж ҳосил қилиб боради.

Narrator 1 Ëшлигида қаттиқ адашиб, чекишга ўрганиб қолган кишилар бугун бу зормандани қандай ташлашни билмай боши қотган. Шуни инобатга олган ҳолда бир қатор ривожланган мамлакатларда ушбу муаммога барҳам беришда кўмаклашувчи кўпгина воситалар ўйлаб топилган. Чекишни ташлашни чиндан истайдиганлар учун оддий усуллар: ҳар гал чеккингиз келганда унинг ўрнига бирор яхши кўрган мевангизни тановул қилинг. Сиқилиб, чекишга эҳтиёж сезсангиз, сокин мусиқа тингланг! Ëки китоб мутолаасини одатга киритинг. Агар чекишни ташлашга қарор қилган бўлсангиз, аввало иродангизни мустаҳкамлаб, уни ташлаш олишга ўзингизни ишонтиришингиз даркор. Бен Франклин фаолияти давомида «Ўз ожизлигини енга олган киши кучлидир», деган экан.

Narrator 2 Психологлар ҳам бу борада ўз тавсияларини беришган. Чунки: «Мен буни эплайман!» «Чекиш даҳшатли душман!» ёки «Мен чекмайман» деган ибораларни хумор тутганда етти бор ичингизда, хоҳласангиз, овоз чиқариб, такрорлашингиз мумкин. Бу каби тафаккурни чархловчи машқлар иродани кучайтириб, танага сиз хўжайинлигингизни эслатиб туради ва чекишни ташлашда кўмаклашади. Худованд сизни яратганида, сизга энг бебаҳо бойлик соғлиқни берди. У сиздан танангизни ёт нарсаларга макон қилишингизни, ўз соғлиғингизни барбод қилишингизни, умрингизни қисқартиришингизни истамайди. Чекишга ўрганиб қолган экансиз, агар уни чин дилдан ташлашни истасангиз, Яратувчига мурожаат қилинг, у сизга керакли кучни беради. Бу мавзуга кейинги суҳбатларимизда яна қайтамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top