Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Инсон ҳатти ҳаракатларини бошқариб турувчи меъёр бор. Бу меъёр қонун томонидан тартибга туширилиб турилади. Қонун доирасидан чиққан, қонунбузар қонунга кўра ҳукм қилинади ва жазоланади. Бу дунёнинг қонун қоидаси шундай. Аммо биз яшаётган дунёнинг ҳукмидан ҳам буюкроқ ҳукм бор. Бу олий ҳакам Худованднинг ҳукмидир. Сиз бугун қилаётган ишларингиз учун Худованд олдида туришингизга ва қилган яхши ва ёмон ишларингиз учун ҳукм қилинишингизга ишонасизми? Худованднинг мавжудлигига ишонган ҳар бир киши бунга ишонади. Бу ҳақиқат. Кўпчилик Худовандни илоҳий Ота, дўст ва ёрдамчи мисолида билади. Бироқ уларга Худованд олий Ҳакам эканлигини айтиб кўринг-чи, ўша заҳоти, юзлари буришиб, бу фикрни қабул қила олмай қоладилар.
Narrator 2 Муқаддас Каломни ўқиган ҳар бир Худонинг фарзанди, илоҳий ҳукм ҳақида жуда яхши билиши керак. Унда шундай ёзилган: «Сен бутун ернинг Ҳокимисан, шак-шубҳасизки, Сен адолат билан ҳукм қиласан» (Ибт 18:25) Забур китобида ҳазрати Довуд шундай деган эди: «…Ғазабинг келганда олдингда ким тура билар? Осмондан ҳукмингни билдирганингда ер қўрқиб сукутга чўмди. Эй Худо, Сен ҳукм этмоққа турганингда, ердаги барча мазлумларга қутулиш умиди келди» (Заб 75:8-9) Худованд адолатли Ҳакам. У Ўзи яратган инсонларни севса-да, уларнинг қилмишларини жазосиз қолдирмайди. У одам Ато билан момо Ҳавони Ўзи билан яқин бўлиши учун яратган эди. Бироқ улар Худованднинг амрига бўйсунмай гуноҳ қилдилар.
Narrator 1 Шундан сўнг Худованд уларни ҳотиржамлик, сокинлик, мўл-кўллик ва Худованд ҳузурига тўла бўлган Адан боғидан ҳайдаб юборди. Худованд Нуҳ пайғамбар давридаги ёвуз ва гуноҳкор одамларни тўфон юбориб жазолади. Садўм ва Ғамўра ҳам қилган ишларига яраша жазоландилар. Агар Муқаддас Китобни вароқлаб чиқсангиз, қаерда инсонларнинг ёвузлиги, гуноҳлари ҳаддидан ошиб кетган бўлса, Худованд ўша ерга офат юбориб, гуноҳкорларни жазолаган. Нуҳ пайтидаги инсонларни эсланг. Улар ҳар томонлама ёвузлашиб кетган эди. Ҳеч бир инсоннинг қалбида яхшилик уруғи қолмаган, дунёда қандай жирканчли гуноҳ бўлса, уларнинг барини ўзларига одат қилиб олган одамлар эди. Садўм ва Ғамўра шаҳри одамлари ҳам худди шундай эдилар. Бугун ҳам баъзилар худди Садўм ва Ғамўра шаҳри одамларидан қолишаётгани йўқ.
Narrator 2 Наҳотки, улар бир кун келиб, Худованд ғазабига учраши ва қаттиқ жазоланишини билишмаса?!Юқорида берган мисолларимиз фақат Худованднинг сабр косаси тўлганидаги жазолар ҳақида эди. Бироқ бизнинг ҳар бир қилаётган, назаримизда кичик кўринган гуноҳимиз ҳам жазосиз қолмайди. Исо Масиҳ даврида шоҳ Ҳирод Худога қарши иш қилди: «Ўша кунларда подшоҳ Ҳирод имонлилар жамоатидан баъзиларига озор бериш учун қўл кўтарди. Юҳаннонинг акаси Ëқубни қилич билан чопиб ўлдирди. Бу Яҳудийларга ёққанини кўриб, унинг ортидан Бутрусни ҳам қўлга олди.» Қилган иши ва манманлиги учун Худованд уни жазолади. Ўзини Худо даражасигача кўтаргани учун Худованд уни халок қилди. Худованд бугун ҳам ўзгармаган. У қилган ҳар бир ишимизга қараб, ё жазолайди, ё мукофотлайди.