3:06

Худо ғазабидан қутулиш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Аввалги суҳбатларимизни тинглаган бўлсангиз, биз Худованднинг ғазаби, нимани англатиши, унинг намоён бўлиши ҳақида ўз фикрларимиз билан ўртоқлашгандик. Бугун мана шу ғазабдан қутулиш, Худованд ғазабига ўзимизни тутиб бермаслик, ўз устимизда йиғмаслик учун нималар қилиш кераклиги ҳақида суҳбатлашамиз. Худованд Ўз каломида шундай дейди: «Солиҳ киши йўқ, Бир киши ҳам йўқдир». «Энди биламизки, Илоҳий Қонун ники буюрган бўлса, Қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида гуноҳкор бўлсин». (Рим 3:19) Мусо пайғамбар даврида берилган қонун, инсонларга Худованд йўлидан тўғри юришни кўрсатиш учун эди.

Narrator 2 Шунга қарамай, инсон Худованд қонунларини бузди. Қонун бизнинг нақадар гуноҳкор эканимизни кўрсатади. Шунинг учун ҳеч ким мен гуноҳсизман, — деб айта олмайди. Табиийки, қонун бизни Худо ғазабидан қутқара олмайди. У фақат бизнинг нақадар гуноҳкор эканимизни кўрсатиб беради ҳолос. Ташқи томондан диндор кўриниш, ёки одамлар кўзигагина художўй, тақводор бўлиш ҳам бизни Худо ғазабидан қутқармайди. Бир нарса бор. Буни ҳаворий Павлус жуда яхши билган: «Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир. Демак, агар биз энди Масиҳнинг тўкилган қони туфайли оқланган бўлсак, Унинг соясида Худо ғазабидан қутулишимиз янада аниқроқдир. » (Рим 5:8-9)

Narrator 1 «Оқланган» деган сўз нимани англатади? Бу кечирилган, солиҳ деб қабул қилинган демакдир. Каломда оқланиш ҳақида яна бир муҳим оят бор: «Лекин Худо инояти билан, Исо Масиҳнинг қони эвазига гуноҳкорлар текин оқланадилар. Масиҳ биз учун қонини тўкканига ишонган кишининг гуноҳлари ювилсин, деб Худо Масиҳни қурбонликка бағишлади ва шу йўсинда Ўзининг адолатли ҳукмини очиқ намоён қилди.» (Рим 3:24-25). Биз инсонларнинг мақтанишга арзигулик ҳеч нарсамиз йўқ. Биз ҳеч бир гуноҳимизни ўз ҳаракатларимиз билан юва олмаймиз. Буни фақат Худованд қилиши мумкин. Худо фарзанди экансиз, Худованд билан аҳил иноқ яшаб, Унинг йўлига тўғри келмайдиган ишлардан тийилинг. Акс ҳолда Худо ғазабини бошингизга тўплаган бўласиз.

Narrator 2 «Билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечир», — деб ибодат қиламиз баъзида. Шу илтижоимиз чин дилдан қилинаётган бўлса, билган гуноҳларингизни номма-ном айтинг, билмаганларингизни эса билдиришини сўраб, кечирим сўранг. Худованд билан ярашинг. Ўртада ҳеч қандай тўсиқ қолмасин. Қилган ҳар бир гуноҳингиз Худо билан ўртангизга тўсиқ бўлишини унутманг. Шундай қилиб, Худо олдида тавба қилинмаган ҳеч бир гуноҳ қолмагунча, ибодатда давом этинг. Унинг олдида камтар бўлинг. Чин дилдан тавба қилинг. Шунда вайрон бўлган дилингизни, тинчлантиради. Чунки Худованд дили вайронларга яқиндир. Унинг ғазабини бошингиз тепасидан олиб ташлашни фақат ўзингиз қарор қиласиз. Худованд ғазабидан ҳалос бўлгач, яна уни бошингизга тўплайдиган ишлардан қочинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top