2:57

Шошилиш

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Ҳаётда бирор бир, бизга улуғлик келтирадиган ишни тезроқ бажаришни истаганмисиз? Мен истаганман. Мен қиладиган ишларим ҳар доим тезроқ битишини истайман. Шунинг учун шошиламан. Бироқ бу тўғри эмаслигини яқинда бир воқеани кўриб, бир ҳикояни эшитиб билиб олдим. Ўтган йили баҳор ойида бошқа бир шаҳарга боришимга тўғри келди. Йўл-йўлакай, кичик кўчатларга оқ қоғоз парчалари ёпиштирилганини кўрдим. Дастлаб улар кўзимга шундай кўринди. Кейинроқ фаҳмласам, бу қоғоздан ясалган гуллар экан. Баҳор келган, аммо дарахтлар ҳали гулламагани учун ҳам, кимдир дарахтларга мана шундай оқ гулчаларни киргизиб қўйган. Бу соҳта баҳорга ўхшайди. Яна бир танишим, қишда куз саҳнасини олиш учун дарахтларга олмалар илишга тўғри келганини айтиб берганди. Бу олмалар илиниб бўлгач, жуда чиройли кўринади, аммо дарахтга банди билан уланмагани учун тезда сўлиб, чириб, аввалги чиройидан асар ҳам қолмайди. Бизнинг Худовандни улуғлаш йўлидаги шошилишларимиз ҳам юқоридаги нарсаларга ўхшайди. Аста-секин, қадамба-қадам юриш ўрнига сакрасак, тезда охирига бориб қолсак, бизнинг ишларимиз ҳам соҳта бўлиб қолади. Бу улуғворлик, олган мақтовларимиз тез орада сўнади.

Аммо Худованд белгилаган вақт бўйича, аста-секин олға одимлаган инсоннинг ишлари сифатли бўлади. Худованд сиз орқали Ўзига улуғворлик келтириши учун сизни обдон тарбиялаши, шу ишга тайёрлаши ва ўзгартириши керак. Шунинг учун ўзингиз ҳали тайёр бўлмай туриб, ўзингизни Худо кўришни истаган одам қилиб кўрсатманг. Узоқ вақт шундай туролмайсиз. Худо сизнинг қандайлигингизни билади. Бироз вақт ўтиб одамлар ҳам. Шунинг учун Худони улуғлашни Унинг ўзига қўйиб беринг. Унга бўйсунинг. Шундай қилингки, Худованднинг Ўзи сизда ишласин, сизни Ўзи истаган одамга айлантирсин. Шундагина сизнинг улуғлашингиз табиий ва абадий бўлади. Сиз Исо Масиҳга тегишли эканингизни унутманг. У сизга бошқаларникига ўхшамайдиган имкониятни беради. Ҳаётингиз қандай бўлишидан қатъий назар У сизга Худони улуғлаш имкони беради. «…шу йўсин Раббимиз Исонинг исми сизларда улуғлансин ва У сизларни ҳам улуғласин. Худойимиз ва Раббимиз Исо Масиҳнинг иноятли иродаси ана шу» (2 Салонк 1:12).

Худони улуғлашни истаган ҳар бир аёл шошмай, ўзини Раббимизнинг иродасига топширсин. У Ўзининг донолиги билан бизга йўл кўрсатади. У биздан сўраганларига амал қилсак, Худони улуғлаган бўламиз: «Айни равишда сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласин-ки, улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар» (Мат 5:16). Бу ҳақида ҳаворий Павлус ҳам маслаҳат берган: «Яхши ишда қунт қилиб, улуғ қадриятни ва мангуликни излаганларга У абадий ҳаёт ато этади» (Рим 2:7).

Ва ниҳоят биз аёллар ҳаворий Бутруснинг маслаҳатига амал қилишимиз керак. Мана шунда Худовандга чин улуғворлик келтирган бўламиз. Келинг, шу доно маслаҳатни эшитайлик: «Ким сўзласа, Худонинг сўзлари қилиб айтсин. Ким хизмат қилса, Худо берган куч билан хизмат қилсин. Шундай қилиб, Исо Масиҳ орқали Худо ҳар бир иш ва сўзда улуғлансин…» (1 Бут 4:11).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top