Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Биз Саскатонга кўчиб бориб, у ердаги жамоатда ишлай бошлаганимизга бир неча йил бўлгач, унинг атрофидаги ерларда ҳам жамоатлар очишимиз кераклигини ҳис қилдик. Бу ҳақида ибодат қилганимизда Худованд бизга Лен Костер деган кишининг исмини ҳаёлимизга келтирди. У ўша пайтда 14 йилдан бери ярим кун ишлаб ярим кун жамоатда чўпонлик қиларди. У одатда, чўпони бўлмаган жамоатларга бориб, ўша ерда ишларди. Мен Ленни чақириб, фикримни айтдим. «Лен, Худованд Саскачеван ва унинг атрофидаги ерларда жамоат очишимизни хоҳлаяпти. Ўша ерга бориб, жамоат бошқара олмайсизми? Аммо бир ҳижолатлик жойи бор. Биз бунинг учун сизга пул тўлай олмаймиз. » Шунда Лен ҳеч иккиланмай: «Агар чиндан ҳам Худованд мени рафиқам билан бирга боришимни истаётган бўлса, уйга йиғиб қўйган 7 минг доллар пулимиз бор. Ўшани ишлатиб турамиз», — деди.
Narrator 2 Улар Худованд айтган жойга кўчиб бориб, кичик бир жамоат ташкил қилишди. Орадан бироз вақт ўтиб, Лен менинг олдимга келди-да, деди: «Ҳенри, биз рафиқам иккимиз бир неча кун ибодат қилиб, Худованднинг иродасини сўрадик. Ярим кун ишлаб, ярим кун жамоатда бўлиш билан, Худовандга тўлиқ вақтимни беролмаётганимни ҳис қилдим. Мен тўлиқ жамоат ишига ўзимни бағишлашим кераклигини ҳис қилаяпман. Ҳозирча қўлимизда борини ўзимиз ва жамоат учун ишлатиб турамиз. Тугаб қолса, Худованд бир йўл кўрсатар. Менга моддий ёрдам бериш ҳақида кўп ҳам қайғураверма. Бу ҳақида Худованд қайғуради». Лен хонадан чиқиб кетиши билан, тиз чўкиб, Худовандга илтижо қилдим: «Худованд, нега шундай кучли имонга эга бўлган кишилар катта қурбонлик қилишлари керак? Нега бунга йўл қўйяпсан?» — деб кўнглим бузилди.
Narrator 1 Ўшанда Лен билан унинг рафиқаси Рутнинг имони қанчалик кучли эканини уларнинг қилган ишларидан билиб олдим. Бу суҳбатдан икки кун ўтиб, бир хат олдим. Хат яна бошқа бир имонли кишидан эди. Хатда шундай ёзилганди: «Мен Лен Костер деган киши ҳақида эшитдим. Худованд унинг хизматига ёрдам беришимни истаяпти. Шунинг учун уларни моддий томондан қўллаб қувватлаб туришни истайман. Хат билан бирга 7 минг долларга чек ҳам бор эди.» Хатни ўқиб бўлгач, кўзимда ёш билан яна Худованд олдида тиз чўкдим. Ишончсизлигим учун кечирим сўрадим. Шундан сўнг Ленга қўнғироқ қилдим: «Лен, сиз қўлингизда борини Худованд иши учун қурбонгоҳга қўйган эдингиз, Худованд эса четроқда буталар орасида сизга бир нима тайёрлаб қўйган экан. «Мен сенинг Таъминловчингман», — деган Худованд чиндан ҳам сизни таъминлади».
Narrator 2 Леннинг Худовандга бўлган ишончи яна ҳам ўсди. Шу билан бирга унинг жамоатидагилар ва бизнинг жамоатимиздагилар ҳам Худованднинг иши ҳақида эшитиб улар ҳам руҳланишди. Биз жамоатимизда бундан кейин ҳам Худованднинг ажойиб ишларига гувоҳ бўлдик. Худованд бизни бирор бир ишга чорлаганида, Унга «Лаббай», деб жавоб берсак, ҳолатларимизга қарамай, Худованднинг иродаси пайидан бўлсак, Худованд бизни уятда қолдирмайди. Бизга марҳамат ва иноят эшигини очади. Худованд йўлида турли ғаройиб гувоҳликлар жуда кўп учрайди. Шулар ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга мунтазир.