Ассалому алайкум тиниб-тинчимас опа-сингиллар. Бугун биз аёлларни безовта қиладиган, бемалол, эркин ҳаракат қилишимизга ҳалал берадиган артроз касаллиги ҳақида суҳбатлашамиз. Дунё статистикасига кўра, Ер шарининг 10-15 фоиз аҳолиси артроз билан оғрийди. У аёлларда кўпроқ кузатилар экан. Ëшга ёш қўшила боргани сари бу ҳасталикка чалиниш хавфи сезиларли равишда ортади. Артроз аломатлари 30-40 ёшда аниқланади. 60 ёшдан кейин эса деярли ҳамма бу дардга йўлиқиши мумкин. Хўш бу қандай касаллик? Суҳбатимизни тинглаётган опа-сингилларни бу ҳасталикнинг аломатлари қизиқитириши шубҳасиз. Бу касалликнинг энг кучли белгиси – бўғинлардаги қирсиллаш ва жисмоний меҳнатдан кейин унчалик кучли бўлмаган оғриққа ўхшаш ҳис.
Айнан эрта босқичларида бўғиндаги ўзгаришлар бироз қирсиллаш бошланади. Кейинроқ қирсиллаш кучаяди, ҳаракатланганда тез чарчаб қолиш ҳолати юзага келади. Агар бўғинларда қон айланиши билан боғлиқ муаммолар юзага келса, тунги бетиним оғриқлар безовта қилади. Одатда улар ҳаракатланганда сусаяди. Тиззаларда оғриқ бошланса, бу тос ва сон суякларини туташтирган бўғин артрози аломатларидан бири. Дастлабки босқичларида бўғин атрофи тўқималарида яллиғланиш аломатларини ҳам кўриш мумкин: тери қизғиш, бироз шишган доғ юзага келади. Танамизда бўғинлар кўп. Айнан қайси бўғинлар артроздан азият чекади? Бўғинларнинг артрозга чалиниши кўпинча тананинг пастки ярмига – тос ва сон суякларини туташтирган бўғин, тизза бўғинига тўғри келади.
Қўлларда эса асосан бармоқ суяклари бўғинлари бу касалликка чалинувчан бўлади. Артроз пайдо бўлишининг сабаблари турлича. Оғир жисмоний меҳнат артрозга олиб келади. Агар будна ҳаракатлар доим бир хил такрорланадиган бўлса, артроз билан касалланиш вақти яқинлашаверади. Масалан, футболчиларнинг «профессионал» хасталикларидан бири – тизза бўғини артрози. Семиз инсонлар ҳам шу касалликка мойил бўлишади. Иккита суяк бўғин юзаси бир бирига яхши туташмаса, тоғайга босим бир хилда тушмайди. Ва кейинчалик артрозга чалинишга мойиллик юзага келади. Артрознинг бу кўриниши кўпроқ сколиозга чалинган ёки яссиоёқ инсонларда ривожланади.
Шунингдек, бўғинларнинг жароҳатланиши, шамоллаши, модда алмашинуви ва қалқонсимон без фаолияти бузилиши ҳам артрозга сабаб бўлади. Бу касалликни даволаш мумкин. Бунинг учун физиотерапевтик муолажа суяклар ва бўғин атрофи тўқималаридаги турли моддалар циркуляциясига ижобий таъсир кўрсатади. Микротўлқинли терапияда тўлқинлар артроз билан зарарланган организмга анча чуқур кириб боради ва беморга ижобий таъсир кўрсатади. Ультратўлқинли терапия касалликка чалинган соҳада оғриқ синдроми бўлганида, синовит бўлмаган вазиятлардагина қўлланилади. Шунингдек, артрозни даволашда электрофорез, локал баротерапия, метаболик терапия каби усуллар ҳам бор. Агар сизда ҳам юқорида айтганимиз артроз аломатлари сезилса, тезда шифокор кўригидан ўтинг. Шифокорингиз сизга керакли муолажаларни буюради. Азиз аёллар сизни аёллар, оила, болалар ҳақидаги турли хил мавзулар қизиқтирса, бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимизга ташриф буюринг.