3:07

Худони ҳис қилиш

MP3

Ассалому алайкум. Ҳис қилиш. Бу борада биз аёлларга етадигани бўлмаса керак. Чунки биз табиатан ҳис-туйғуга бой қилиб яратилганмиз. Руҳий ҳаётимиз ҳақида гаплашар эканмиз, баъзида Худони ўзимизга жуда яқин баъзан эса жуда узоқ ҳис қилишимиз ҳақида айтмасак бўлмайди. Масалан, мен кўп марта шундай ҳис қилганман. Сизда ҳам шундай бўлганми? Нега шундай бўлади? Ҳозиргина айтганимдай, биз аёллар ҳис қилишга жуда устамиз. Худо ҳеч қачон биздан узоқда бўлмайди. У ҳар доим биз билан бирга. Биз фақат кайфиятимиз, ҳаётимизда кетаётган яхши ва ёмон воқеалар таъсирида Уни ўзимизга яқин ёки узоқ деб ҳис қиламиз. Ҳаётимиз давомида руҳий чарҳпалакда учамиз. Баъзан руҳан кўтариламиз ва назаримизда Худонинг олқишини олгандай бўламиз, баъзан эса руҳан тушамиз, ва ўзимизни Худодан узоқда ҳис қиламиз.

Агар Муқаддас Каломга қарайдиган бўлсак, ҳатто Исо Масиҳ ҳам ўзини шундай ҳис қилган. У ўз хизматини сувга чўмдирилиш билан бошлади. Сувдан чиққач, осмон очилиб самодан: «Бу Менинг Ўғлимдир, Ундан мамнунман»,- деган овоз келди. Ўша пайтда Исо Масиҳнинг қанчалик қувонганини, нималарни ҳис қилганини тасаввур қила оласизми? Бироқ кейинги оят шундай дейди: «Ўшанда Исо, иблиснинг синовидан ўтиш учун Муқаддас Руҳ томонидан саҳрога олиб борилди» (Мат 4:1). Эндигина ҳаётида энг муҳим ва қувончли дамларни бошидан кечирган Масиҳ, шунча тезлик билан, энг даҳшатли ва синовларга тўла ҳолатга тушди. У қирқ кун Шайтон билан олишди. Агар эътибор қилсангиз, У у ерга ўз хоҳиши билан боргани йўқ.

Уни синовдан ўтиши учун Муқаддас Руҳ етаклаб борди. Синовдан ўтгач, хизматини муваффақиятли бошлади. Одамлар уни жуда яхши кутиб олишди. Келадиган Масиҳ деб қабул қилишди. Аммо кейин яна фарзийлар ва уламоларнинг нафратига дуч келди. Уни ҳар қадамда пойлаб юришди. Унинг ердаги уч йиллик ҳаёти мана шундай кўтарилиш ва тушишлар билан ўтди. Унинг ердаги охирги кунларини олиб қарайдиган бўлсак, одамлар Қуддусга кириб келаётган Исони тантана ва улуғлаш билан қарши олишди. Бир неча кундан кейин эса уни қамчилаб юзига тупуришди ва хочга михлашди. Исонинг ўлиши кўпчиликни умидини пучга чиқарди. Шогирдлари тушкунликка тушишди, сиз билан бизга ўхшаб қоронғи ва оғир кунларни бошларидан кечиришди.

Аммо Исо тирилгач, шогирдларнинг умид чироқлари ёнди. Ҳосил байрами кунида кўплаб одамлар имонга келиб, катта жамоат пайдо бўлди. Нега Исонинг ҳаётини мисол қилиб келтираяпмиз, чунки бу бир кам дунёда ҳаётимиз бир текисда кечмайди. Бир кун ўзимизни еттинчи осмонда ҳис қилсак, кейинги куни ҳеч қачон хурсандчилик кўрмагандай ҳис қиламиз ўзимизни. Аммо Худонинг Ўзи ва ваъдалари ўзгармас. Ичимиздаги руҳий шодлик ва умид ҳам ҳеч қачон ўзгармайди. Исо Масиҳ бизга тинчликни қолдирган экан, бу тинчлик ҳар қачон биз билан бирга бўлади.

Энг муҳими ҳис туйғуларимизга эмас, Худонинг ҳақиқатига қараб, олға юришимиз керак. Ҳис туйғуларингиз Худони узоқда деб билса ҳам, Унинг ҳақиқати ва ваъдаларига таяниб иш кўринг. Азизлар аёллар масаласига тегишли мавзулар сизни қизиқтирса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top