MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун ўтган сафар қилганимиздек, Йифтоҳ портретини ҳаёлимизда шакллантиришни ниҳоясига етказамиз. Йифтоҳ Каломда ёзилганидек, довюрак ва кучли жангчи бўлган. Унинг мана шундай кучли ва довюраклигини Гилад ҳалқи ва оқсоқоллари жуда яхши билишган. Йифтоҳ фоҳишадан туғилгани учун, унинг ўгай ака-укалари Йифтоҳни меросдан маҳрум қилиб, уйдан қувиб юборишган эди. У Тов юртига бориб ўрнашгач, атрофига ярамас одамларни тўплаб, босқинчилик қила бошлади. Орадан қанчадир вақт ўтиб, Оммон ҳалқи Исроил ҳалқига ҳужум қилди. Ўшанда Гилад оқсоқоллари Йифтоҳнинг олдига келиб, улар билан бирга жанг қилишни илтимос қилишди. Калом шундай дейди: «Биз билан юрақол, — дедилар. Оммон халқи билан жанг қилганимизда бизга раҳнамолик қилгин» (Ҳак 11:6).

Narrator 2 Одатда жанг бўлганида оқсоқоллар қўшинга бошчилик қила оладиган, уларни тўғри йўналтириб, жангда муваффақият қозониши мумкин бўлган кишиларни қўшин бошлиғи қилиб қўядилар. Гиладлик оқсоқоллар Йифтоҳнинг олдига келганидан, унинг нафақат довюрак балки бошқарувчилик салоҳияти ҳам борлигини билиб олиш мумкин. Ҳар кимда ҳам бундай қобилият бўлавермайди. Хўш, Йифтоҳ уларга қандай жавоб берди экан? Ахир Гиладликлардан ҳафа бўлган-ку! «- Сизлар мени менсимай отамнинг уйидан ҳайдаган эдингиз-ку! – дея зарда қилди уларга Йифтоҳ. – Нима учун энди бошингизга кулфат тушганда менинг олдимга келдингизлар? – Бўлар иш бўлди, — энди дейишди Гилад оқсоқоллаи. – Биз сенинг олдингга бош эгиб келдик, биз билан бориб Оммон халқига қарши жанг қил, Гиладлиларга ўзинг бош бўл.» (Ҳак 11:7-8)

Narrator 1 Оқсоқолларнинг ўзлари ҳайдаб солган Йифтоҳнинг олдига бош эгиб келиши, унинг нақадар кучли шахс эканини яна бир бор тасдиқлайди. Йифтоҳ оқсоқолларнинг гапидан сўнг, «Агар Эгам душманларни қўлимга берса, сизларга ҳукмронлик қиламан», — деб жавоб берди. У дарҳол жангни бошламай, аввал масалани тинчлик билан чопарлар юбориб ҳал қилмоқчи бўлди. У Оммон шоҳининг сўзларини эшитиб, кейин унинг сўзларига қарши жавоб бўладиган номани чопарлардан юборди. Бу номадан Йифтоҳ нафақат ўз халқи тарихини балки Худо қилган ишларни жуда яхши билгани маълум бўлади. Бироқ Оммон шоҳи Йифтоҳнинг сўзларини эшитишни ҳам хоҳламади. Шунда Йифтоҳ деди: «Худо қози, Унинг ўзи бугун ким ҳақ , ким ноҳақ эканини кўрсатсин».

Narrator 2 Шундан сўнг Худованднинг руҳи Йифтоҳни қамраб олди. У лашкари билан Оммон ҳалқига қарши жанг қилди. Худованд Оммонни Йифтоҳга таслим қилди. Худованд бошқалар ҳеч ким деб билган ёки паст назар билан қараган кишилар орқали қудратли ишларини қилади. Шу орқали атрофдагиларга ҳам сабоқ беради. Йифтоҳдаги ҳислатларни Худованд ўз йўлида ишлатди. Йифтоҳда жасурлик, кучлилик, бошқарувчилик каби қобилиятлари бор эди. У ҳар бир қиладиган ишини чин дилдан қиларди. Гарчи юрагида алам бўлсада, Худованд бу аччиқ аламни жанг қилиб чиқариб юбориш имконини берди. Унинг Оммон шоҳи билан олиб борган суҳбатидан яхши сиёсатчи ва ақлли саркарда бўлганини ҳам билиш мумкин. Kейинги суҳбатимизда унинг янги қирраларини билиб оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top