3:07

Қийинчиликлар орқали ўзгариш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Оила бор жойда, шодлик, хурсандчилик билан бирга ташвиш ва қийинчиликлар бор. Агар ҳаётимиз фақат ўйин-кулгу ва хурсандчиликдан иборат бўлганида, у ўта зерикарли ва маънисиз бўлиб қолган бўларди. Аммо Худога шукрки, ҳаётимиздаги тинчликни, хурсандчиликнинг қадрига етишимизга ёрдам берадиган ташвишли ва муаммоли кунлар бор. Инсонни шод-ҳуррамли кунлар эмас, айнан қийинчиликка тўла бўлган кунлар ўзгартиради. Бу кунлар ҳар бир кишига нимадир ўргатади. Бу ҳақиқат айниқса Худо фарзандлари учун жуда тўғри келади. Каломда шундай ёзилган: «Бу ўткинчи ва арзимас қайғуларимиз биз учун ҳаддан ташқари ажиб, катта ва абадий улуғворлик ҳосил қилади.» (2Кор 4:17)

Narrator 2 «Тилладек художўйликни юзага чиқарадиган нарса бу – азоблар оловидир.» — деган экан Мадам Гуён. Тилла ҳаддан ташқари юқори ҳароратда тозаланганидек, Худо фарзандлари ҳаётида бўладиган қийинчиликлар ва ташвишлар ҳам ундаги ортиқча ва унинг сифатига ёмон таъсир қиладиган нарсаларни чиқариб ташлайди. Имонли ҳаётидаги ҳар бир муаммо ортида қандайдир мақсад ётади. Худованд ҳар бир ҳолатни бизни ўзига ўхшаш қилиб яратиш учун ишлатади. Худованд бизнинг Калом ўқишимиз орқали эмас, айнан ҳаётимизга келадиган ташвишлар орқали бизни ўзгартиради. Исо Масиҳ бу дунёда муаммолар ва ташвишлар бўлиши ҳақида айтган эди. Азобларнинг оғриқларидан ҳеч ким мустасно эмас. Ҳаётнинг ўзи кўп қисмли муаммолардан иборат. Ҳар сафар бирини ҳал қилсанг, бошқаси кутиб туради.

Narrator 1 Уларинг ҳаммаси ҳам катта эмас, бироқ ҳаммаси Худованднинг сизни ўзгартириш режасида муҳим рол ўйнайди. Ҳаворий Бутрус шундай деган эди: «Эй севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар» (1 Бут 4:12). Худованд муаммоларни сизни Ўзига яқинлаштириш учун ишлатади. Қачон Худованд билан чин қалбдан яқин бўламиз — қачонки, ҳал қила олмайдиган муаммони бошимиздан кечираётганимизда, ёки бўлмаса, кучимиздан ортиқ қийинчликларга дучор бўлгандек ҳис қилганимизда. Қалбимиз парчаланган, ўзимизни ташлаб кетилгандек ҳис қилганимизда, олға юриш учун ҳеч қандай йўл кўрмаганимизда ва оғриқ ҳаддан ошиб кетганида – Худовандга юз бурамиз. Айнан қийинчилик пайтида, чин дилдан, Худога яқин бўлиб, ибодат қилишни ўрганамиз.

Narrator 2 Қалбимиз оғриқдан азоб чекаётганида, соҳта ибодатларга ҳожат қолмайди. Ҳаётимизда ҳамма нарса силлиқ кетаётганида, Худованд ҳақида чиройли сўзлар айтишимиз мумкин, Унга тақлид қилишимиз ва ҳатто чиройли ибодат қилишимиз мумкин, аммо фақат ҳақиқатдан азоб чекканимиздагина, Уни биламиз. Бошқа ҳеч қандай йўл билан эмас, айнан азоблар ичида Худо ҳақида ўрганамиз. Юсуф пайғамбар ҳаёти ёдингиздами? Худованд уни қамоққа ташланишдан олиб қолиши мумкин эди. Ë бўлмаса, Дониёр пайғамбарни олинг. Худованд уни ҳам шерлар ўрасига ташланишдан, сақлаши мумкин эди. Аммо У ундай қилмади. У ўша муаммоларнинг содир бўлишига йўл қўйиб берди. www.najot.com сайтимиз ҳаётингиз учун мазмунли маълумотларни беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top