Ассалому алайкум. Худо ҳақида қўшиқ куйлаганларини ҳеч эшитганмисиз? Бу жуда ажойиб. Дастлаб эшитганмизда бу ҳолат: аёл ва эркакларнинг, ёшу – қарининг бор вужудлари билан қўлларини юқорига кўтариб, қўшиқ айтганлари менга жуда эриш туюлганди. Уларнинг ҳолатини ҳис қилмаган эдим. Аслида қўшиқ куйлаш, қўшиқ орқали кимнидир кўкларга кўтариш лозим бўлса, бу ҳам Худованд – Яратгувчимиз экан. Бизни Яратган, бизларга турли хил инъомларни берган, гўзаллик ва доноликни берган Худовандни олқишлаб куйламай кимни куйлаймиз?!
Нега Худованднинг фарзандлари бирга бўлганларида Худони куйлаб қўшиқ айтадилар? Яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, биз дунё ичида яшаб, ўзимизга диққат қаратишга ўрганиб қолганмиз.
Доимо ўзимизнинг афзалликларимиз, қўлимизда бори, эришган ютуқларимиз, муаммоларимиз ҳақида ўйлаймиз. Кун давомида ўз ишларимиз, муҳтожликларимизни ўйлаб, Худога қарашни унутамиз. Бироқ Худога қўшиқ орқали ҳамду-сано айтиш, бизнинг диққатимизни Худога қаратади. Унга қанчалик муҳтожлигимизни, ҳаётимизнинг манбаи У эканини, Унинг қанчалик адолатли, меҳрибон, шафқатли, иноятли ва қудратли эканини англаймиз. Шу англаш юрагимиздан чиқар экан қўшиқ, ҳамду-сано бўлиб чиқади. Буни бошқачасига тасвирлаб бўлмайди. Худованднинг нақадар улуғвор, буюк, меҳрибон ва иноятли эканимизни англаганимизда, юрагимиздаги миннатдорчилик қўшиқ бўлиб янграйди. Бу қўшиқни жон дилимиз билан куйлаймиз. Баъзан қўшиқларимиз ибодат сифатида янграйди. Бу жуда ажойиб.
Худога қўшиқ куйлаган, мусиқа орқали Унинг улуғворлигини, ажойиблигини куйлаган ёлғиз биз эмасмиз. Қадимда Худога яқин бўлган, Худога манзур бўлишни истаган жуда кўп художўй кишилар Худога куйлар билан, сўзлар билан ҳамду-сано айтганлар. Ҳазрати Довуд ўзининг ҳаётида Худованднинг қилган ишларини куйлаган. Мана эшитиб кўринг-а! «Энди бош кўтариб юраман. Қуршаб олган ёвлар устидан ғалаба қиламан. Худовад маконига тантана ила кириб, хурсандлик ила қурбонлик келтираман. Худовандни куйлаб васф қиламан» (Заб 26:6). Биз Худодан бизга берганлари учун миннатдор бўлганимизда, Унинг ҳаётимизда қилаётган ишларини кўриб, берган иноятини англаб етганимизда, ичимиздаги ҳиссиётларимиз, Худовандга аталган сўзлар қўшиқ бўлиб чиқади.
Бундай ҳолат қадимда биздан анча аввал яшаб ўтган художўй кишилар ҳаётида ҳам бўлган. Улар ҳам дилларидаги гапларни Худога қўшиқ қилиб куйлаганлар. Аммо бунга нима сабаб бўлган? «Азизлар шараф ила тантана қилсинлар. Ëтганда ҳам тараннум этсинлар!» (Заб 149:5). Худовандни улуғлаш бир лаҳзалик ёки бир марталик бўлмаслиги керак. Биз турли усуллар билан Худовандни улуғлашимиз мумкин. Қилаётган яхши ишларимиз билан, фарзандларимизга бераётган тўғри тарбиямиз билан, бошқаларга Худонинг назари билан қараш орқали, Худонинг улуғворлигини, қудратини тан олиш билан, қўшиқ билан ва ҳокозо. Биз ҳар нафас олганимизда Худовандни улуғлашимиз керак бўлади.
Худовандни қандай улуғлаш керак? Бу саволга ҳаворий Павлус шундай деб жавоб берган: «…токи сизлар якдиллик билан, бир оғиздан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси бўлган Худони улуғланглар. Худони улуғлаш учун Масиҳ сизларни қабул қилгандек, сизлар ҳам бир-бирингизни қабул қилинглар» (Рим 15:6-7).