3:19

Эзмалик синдроми

MP3

Narrator 1 Сиз умрингиз мобайнида эзма кишиларга дуч келганмисиз? Агар бундайлар учрамаган бўлса, дўппингизни осмонга отинг. Сабаби, вайсақилар шунчаки вақтингизни олади, холос. Уларнинг гап-сўзларида маъно-мазмун бўлмайди. Эзма кишиларга ўзларини тинглайдиган қулоқлар керак, вассалом. Дарҳол гапга тушиб, «нуқта» ҳақида тамомила унутиб юборишади, унутиб юборишади эмас, нуқта қўйишни хоҳлашмайди. Вайсақилик миллат танламайди, бундайлар ҳамма халқларда бор. Машҳур руҳшунос Лиллиан Гласс эзма кишилар табиатини қойилмақом тарзда очиб берган…«Жим бўл! Бас қил, дедим сенга!» — Жефф маҳбубаси Лорини биринчи марта ота-онаси ҳузурига олиб келганида унга ана шундай деди. Жефф севгилиси ота-онасига ёқишини хоҳлаган эди. Лори эса шу қадар вайсақи эдики, афтидан, ҳатто ўлимга ҳукм қилиниб, ҳукмни ижро этаётганларида ҳам гапиришни бас қилмаган бўларди. У ўзини сира идора этолмасди.

Narrator 2 Сўзлашдан тўхтай олмайдиган кишилар бошқалар билан рисоладагидек муомала қилишни билмайдилар. Уларнинг сергаплиги аввалига фусункор туюлса-да, бир, узоғи билан икки соатдан сўнг суҳбатдошни толиқтира бошлайди. Сира ёпилмайдиган оғиздан кундалик оддий юмушлар, масалан, идиш-товоқ ювишга доир ортиқча ва пойма-пой чиқадиган сўзлар ҳар қандай кишини безори жон қилиб юборади. Қизиғи, эзма одамни қаршисидаги кишининг эшитиш учун вақти борми-йўқми, мутлақо қизиқтирмайди. Бу инсонларни фақат ўзлари қизиқтириб, атрофдагиларга қандай таассурот қолдириши мумкинлиги ҳақида ўйлашмайди. Улар савол бериб, кимдир оғиз жуфтлагунга қадар ўзлари жавоб беришади. Жим қилиш мумкин эмас, гўё ичларида ҳеч қачон ўчмайдиган абадий двигатель ишлаётгандек.

Narrator 1 Сергап кишилар ўзларини руҳлантириш ёки овунтириш учун гапирадилар. Сафсата уларни муаммо ва кўнгилсизликлардан чалғитади. Бу инсонлар ўз овозларини яхши кўриб, овозлари жарангини эшитганда қониқиш оладилар. Эзмаларни телефондан ажратиш жуда мушкул. Шу қадар гапга киришиб кетишадики, қўпол гапириб ёки гўшакни қўйибгина улардан қутилиш мумкин. Вайсақиларни жим қилишнинг бирдан-бир йўли баланд ва салобат билан тинчликни сақлашга чақиришдир. Ўшанда ҳам ярим соатча жим ўтиришлари мумкин, чунки ўзларини назорат қила олишмайди. Улар яна вайсашлари керак, бошқаларнинг кескин огоҳлантиришлари худди қизиқтирмайдигандек, сабаби, гап билан ниҳоятда банд бўлишади. Мабодо хафа бўлишса, озгина нафас ростлаб, яна эзмаликка ўтадилар. Улар гапиравериб, ҳар қандай одамнинг тинкасини қуритишга қодир.

Narrator 2 Аксарият эзма кишилар болаликдан психик тўғри ўсмай, бу уларнинг балоғат даврида сергап бўлишларига олиб келади. Мазкур одат нутқ ўсиши даврида, яъни боланинг уч ярим, тўрт ойлигида, у кўпчилик ичидами ёки якка ўзи қолгандами, доимий равишда бидирлаши билан намоён бўлади. Бу даврда гўдак, унга жавоб беришса-беришмаса, мунтазам равишда «нима учун?» деган саволни бераверади. У диққатни жалб этиш учун эмас, балки ўзини эшитишни яхши кўргани ва тил ўрганганини намойиш этиш учун шундай қилади. Вояга етгач, руҳий жиҳатдан ўша даражада қолиб, тўрт яшар болага хос одатни шакллантиради. Бундай инсонларнинг доимий вайсашлари ёлғизликда қолиш ва ташлаб кетилишга доир қўрқувга қарши руҳий ҳимоя воситасидир. Мабодо ёнларида ҳеч ким бўлмаса, ўз-ўзлари билан гаплашиб кетаверадилар ва бунда сира ҳайрон қоларли жиҳатни кўрмайдилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top