Ассалому алайкум. Баъзан ишда ҳар хил вазиятлар бўлади. Асаблар таранглашганда, ишдан толиққанда, арзимаган бир нарса ҳам икки ҳамкасбнинг ҳафалашиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳамкасблар билан уришиб қолиш эса бутун жамоадаги мавқега ҳам путур етказиши мумкин. Ҳар хил бўлмағур ғийбатлар, таъна, маломатлар дегандек… Бу сизни камида яхши кўрган ишингиздан чалғитиши аниқ. Хизмат лавозимингиз ошишига ҳалақит бериши ёки ишдан бўшашингизга туртки бўлиши ҳам мумкин.
Хўш жанжалларга нима сабаб бўлади? Ўз ишини ҳамкасбининг зиммасига юклаш истаги, касбий муваффақиятларини кўролмаслик каби ҳолатлар ҳамкасбларнинг ҳафалашиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Уришиб қолиш ёки кимнингдир кўнглини оғритиш жуда осон, бироқ ярашиб кетиш, ўртадаги муносабатни силлиқлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ўртада тинчлик ўрнатиш бу кучли одамнинг ҳислатларидан ҳисобланади.
Ярашиш стратегияси. Ишга шахсий ҳаётни аралаштирманг. Асосли танқид умумий иш сифатини яхшилаши мумкин. Лекин у ҳақоратга айланмасин. Ошириб юбордингизми? Кечирим сўранг. Сизни ҳафа қилишдими? Шундай қолдирманг. Хотиржамликни сақлаган ҳолда масалани узил-кесил бир ёқли қилиб олиш керак. Агар шундан кейин ҳам сиз томонга тош отиладиган бўлса, бу масала юзасидан гаплашиб олганингизни эслатинг ва эҳтиёж сезилса, уни такрорлашга тайёрлигингизни айтинг.
Мабодо ҳамкасбларингизнинг сизга жаҳл қилиши ёки сиз билан ҳадеб уришиб қолаверишига хизмат вазифангиз сабаб бўлмаса, бунга шунчаки аҳамият берманг. Ишда хушмуомала бўла олмаслик сизнинг эмас, уларнинг муаммоси. Муқаддас Калом бу ҳақида шундай дейди: «Қўлингиздан келганча ҳамма одамлар билан яхши муносабатда бўлинглар».
Маиший масалалардаги тортишувларни ҳеч биримиз четлаб ўтолмаганмиз. Тан олиш керак баъзан ота-она, опа-укалар, ҳатто фарзандлар билан ҳам айнан шу сабаб ғижиллашиб қоламиз. Руҳшуносларнинг фикрича, бу ғайриоддий ҳол эмас. Оила аъзолари фақат кам кўришган ҳолдагина уришиб қолмасликлари мумкин.
Ота-онангиз билан тортишиб қолган бўлсангиз, уларнинг ҳақлигини тан олинг. Ахир дунёда сиздан чорак аср ортиқроқ яшаган одамлар нима тўғрию, нима нотўғрилигини яхши билишади. Агар опа-сингил ёки ака-укаларингиз билан уришиб қолган бўлсангиз, ечимини дастлаб бунга нима сабаб бўлганини аниқлашдан бошланг. Аниқлагач, ўзаро мулоқотда шу мавзуни четлаб ўтишга ҳаракат қилинг. Масалан, компьютер устида уришиб қолган бўлсангиз, диққатингизни ундан чалғитинг. Арзимаган бўлса-да, бирор чиройли сувенир совға қилинг. Аслида ярашишнинг универсал формуласи ҳали яратилганича йўқ. Аммо аразлашиб қолганингиз учун ҳам сиз учун азиз инсонлардан бири ҳам ўзингиз қийналаётганингизни кўриб-билиб туриб қўл қовуштириб ўтириш ярамайди. Унга қўнғироқ қилинг, ёнига боринг, кўнглини оғритганингиздан афсусдалигингизни, соғинганингизни айтинг.